ЖАМИЯТ

ҚИРҒИЗИСТОНДАН КЕЛГАНЛАР КАРАНТИНГА ОЛИНДИ


22.04.2020   1519

Қўшни Қирғизистонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари Андижон вилоятига етказиб келиниб, карантинга олинди. “Дўстлик” чегара-божхона маскани орқали 175 нафар фуқаролар кутиб олинди.

Улар вақтинчалик меҳнат миграциясида бўлиб турганлардан иборат. Шу жумладан, 148 нафар эркак, 16 нафар аёл, 11 нафар вояга етмаганлар. Тиббиёт ходимлари назорати остида текширувдан ўтаётганларнинг аксарияти республикамизнинг бошқа вилоятларида истиқомат қиладилар.

Улар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига қарашли “Боғишамол” ёзги дам олиш лагерига жойлаштирилди.

-Дам олиш лагерида бир ой муқаддам карантин ўтаганлар орасида инфекцияга чалинганлар қайд этилмаган эди, - дейди Андижон тумани ҳокимининг ўринбосари Фарходбек Қўшақов. – Бугунги гуруҳдагилар ҳам ўз оилаларига соғ-саломат қайтадилар, деган умиддамиз.

Айтиш жоизки, карантин ўтаётганлар учун барча зарур шароитлар яратилди. Ошпаздан торитиб, ҳарбийларгача белгиланган тартиб асосида навбатчиликда. Айниқса, тиббиёт, санитария-эпидемиология осойишталиги маркази ходимлари кунни тунга улаб меҳнат қилмоқдалар.

С. Хўжаев.