Андижон 24

Ҳунармандлар меҳнатининг жўшқин эътирофи


20.03.2018   1483

Ҳунармандлар растаси юртдошларимиз билан гавжум. “Ташаббус – 2007” республика кўрик-танлови ғолиби, кандакор пичоқчи уста Содиқжон Неъматов тайёрлаган 100 турдагидан зиёд сунъий пичоқлар кўпчиликнинг диққатига сазовор. Довруғи дунёга кетди.

- Устозим Раҳматхўжа Алихўжаевдан ҳозиргача ҳунар сирларини ўрганаман, - дейди у. – Биргаликда кўргазмаларга тайёргарлик кўряпмиз.

- Содиқжон устанинг қаторида туриб Ҳакимхон Ходиев ёғоч ўймакорлигини пухта ўзлаштирганлигини намоён этяпти. Ҳакимхон таниқли уста Шодихон Эшоннинг набираси бўлиб, ҳунармандчиликда доимо изланади.

***

Андижон шаҳридан Марямхон Эргазиева ўғли Алишер, келини Нозимахон билан попукдек қизлар тасвирида ўйинчоқлар тайёрлайди. Чеварларнинг меҳнатини кўпчиликка маъқул. Ҳулкарой Орзуқулова Марҳамат тумани ҳунармандлари вакиласи сифатида товоқларга Амур Темур, Заҳириддин Бобур, Алишер Навоий, Улуғбек каби улуғларнинг расмларини туширган. Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиймосини ифода этган.

Булоқбошилик Дилфуза Умарова миллий чорсилар ижодкори бўлса, жалақудуқлик Малоҳатхон Сотволдиева миллий попопчилик анъаналарини давом эттираётгани билан қадр топмоқда.

- Бухоро технология институтининг енгил саноат факультетини битирганимдан буён попопчиликни давом эттиряпман, - дейди Малохатхон Сотволдиева. – Магистратурани тамомладим. 12 нафар қизга попопчиликни ўргатяпман.

Қўрғонтепалик ўқитувчи Дилобарахон Тешабоевани Булоқбоши туманида танилган ёғоч устаси Пахлавон Холматов ясаган эшик-ромларни қўраётган пайтда учратдик.

- Устанинг ёнғоқ, арчадан ясаган эшиклари ёқиб қолди, - дейди Дилобархон Тешабоева. – Харидор бўлиб, буюртма бераман.

Ҳунармандлар кўргазмасига Марғилон шаҳридан “Исмоилжон гиламлари” фирмаси вакиллари замонавий маҳсулотлари билан ташриф буюришди.

- Боғи Бобурда Наврўз сайлида қатнашётганимиздан жуда хурсандмиз, - дея сўзлади марғилонлик меҳмон ҳунарманд Аҳаджон Йўлдошев. – Наврўзга катта тайёргарлик кўрилганлигининг гувоҳимиз. Миллий байрамимиз иштирокчиси бўлганимиздан қувончимиз чексиз.

«auz.uz» online гуруҳи.