Андижон 24

ҲУКУМАТ КОМИССИЯСИ АНДИЖОНЛИК ТАДБИРКОРЛАРНИНГ МУАММОЛАРИНИ ЎРГАНДИ (+ФОТО)


01.05.2021   8051

Андижонда Республика ҳукумати комиссияси тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Мазкур комиссия раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков томонидан ишбилармон доира вакиллари мурожаатлари атрофлича ўрганилди.

Тадбирда Республика Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси,Республика Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Марказий банки, Давлат Солиқ ҳамда Божхона қўмиталари, шунингдек, вилоят секторлари раҳбарлари, Оммавий ахборот воситалари ходимлари, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари қатнашди.

2020 йилги мураккаб пандемия даврига қарамасдан вилоятда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар ўз фаолиятларини тўхтатганлари йўқ. Айни пайтгача тадбиркорлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар асосида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиб, йиллик прогноз юз фоизга етказилди. Бунинг натижасида янги иш ўринлари яратилди.

Расмиятчиликдан холи ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ-ошкора мулоқотга киришилган тадбирда кўплаб мурожаатлар қабул қилинди. Ҳар бир мурожаат тегишли масъуллар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиниб, уларни тизимли ҳал қилиш мақсадида муддат ва чора-тадбирлар белгиланди. Қолаверса, фаолияти ва экспорт имкониятларини кенгайтирмоқчи, бизнес лойиҳаларини амалга оширмоқчи бўлган тадбиркорлар ва ёшларга банк-кредит сиёсати, алоҳида ер майдони ажратиш билан боғлиқ ўзгаришлар, солиқ сиёсатида кўзда тутилган имтиёзлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.