Андижон 24

«Ҳуқуқий сайил» илк марта Пахтаободда ўтказилди


04.04.2018   1259

Адлия вазирлигининг ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги ҳамда бир қатор бошқармалар, давлат, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида Пахтаобод туманида "Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!" шиори остида "Ҳуқуқий ахборот кунлари" ўтказилди.

Уч кун давом этган тадбирнинг биринчи ва иккинчи кунларида 10 дан ортиқ гуруҳларга бириктирилган турли соҳа вакиллари маҳаллалар, хонадонлар ва ижтимоий объектларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот-маърифат ишлари олиб борилди.

Туман маданият ва истироҳат боғида учинчи кунда ташкил этилган "Ҳуқуқий сайил" деб номланган байрамона тадбир кўлами ва қамрови жиҳатидан ўзига хос бўлди. Унга ташриф буюрган фуқаролар адлия бошқармаси тизимидаги мутахассисларга турли мавзулардаги саволлар билан мурожаат қилдилар.

– Дастлабки икки соатда бизга 20 дан ортиқ фуқаро мурожаат қилди, – дейди Балиқчи тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси Дилнавозхон Жўраева. – Уларнинг аксарияти биринчи никоҳни бекор қилиш, иккинчи никоҳни қонунийлаштириш, фамилиясини ўзгартириш юзасидан бўлди. Барчасига тегишли тавсиялар берилди.

Мақсудахон Мансурова оиласини кам таъминланганлар рўйхатига қўшиш, қизини ишга жойлаштириш ва ногиронлиги бор укасига нафақа тайинлаш бўйича маслаҳат сўраб, ҳуқуқшунос Азизбек Жалиловга мурожаат қилди. Ҳуқуқшунос унинг муаммосини қонуний ҳал этиш йўл-йўриқларини тушунтирди.

– Фуқарога ногиронлиги бўлганлар фойдаланадиган барча имтиёзлар атрофлича тушунтирилди, – дейди ҳуқуқшунос А. Жалилов. – Имтиёзли нафақа олиш, ногиронга қараётган яқинларига меҳнат дафтарчаси очилиши, бошқа масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга ёзма ёки оғзаки мурожаат қилиб, белгиланган муддатда жавоб олиши мумкинлиги мавжуд қонунчилик доирасида етказилди.

Ўн тўртта йўналиш бўйича ташкил этилган тадбирлар давомида миллий ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий-маданий марказ вакилларининг намойишлари ўтказилди. Меҳнат ярмаркаси, дорбозлар ҳамда вилоятимизнинг таниқли ва ёш хонандаларининг чиқишлари ташкил этилди. Ҳарбий, ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятлар хизматларининг техникалари, спортчиларнинг, картинг, авиамодел, мотто ҳаваскорларнинг чиљишлари ҳам жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.

Хиёбонга жойлаштирилган 70 дан ортиқ плакатлар, тарқатилган 44 турдаги буклетлар, маълумотлар халқчил, содда ва тушунарли тарзда намойиш этилди. Шунингдек, иштирокчиларга 1000 дан ортиқ турли хилдаги адабиётлар тарқатилди. Ош танлови, тизимда фаолият юритаётган ходимлар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар тадбирга янада кўтаринкилик бахш этди.

Муроджон

ТЎХТАНАЗАРОВ.