ЖАМИЯТ

ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ СИЁСИЙ ФАОЛЛИКНИ ОШИРАДИ


20.06.2019   2221

Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бўлган эътиборни янада оширди. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Андижон давлат тиббиёт институтида “Жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда сиёсий партияларнинг ўрни”мавзусида ўтказилган семинарда бу ўз ифодасини топди.

Партиянинг ҳудудий кенгашлари ходимлари, маҳаллий кенгашдепутатлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокидаги тадбирда юқоридаги фармон ижроси, қонунчилигимиздаги ўзгартишлар, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда пиар технологиялардан фойдаланиш вабу борада партиянинг ўрни хусусида сўз юритилди. Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий омиллари ва жамоатчилик билан ишлаш технологияларига эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, адолат тамойиллари устувор жамиятда ҳақиқатга ишонч ҳисси кучаяди, ижтимоий тенглик, барқарор ривожланиш таъминланади. Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ривожлантиришга қаратилган турли тарғибот тадбирлари, жумладан, “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида маҳаллаларда сиёсий ўқувларни ташкил этилаётгани мақсадга мувофиқдир. Партия фаолларининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги ижобий самара бермоқда.

Семинар якунида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирларини ошкора, эркин мулоқот шаклида ташкил этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятнинг юксалиши фуқароларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилишлигини кўрсатиб ўтди. Ўз ўрнида мавзу юзасидан берилган саволларга батафсил жавоб берди.

Акбаржон НАЗАРОВ.