ЖАМИЯТ

«ҲУДУДГАЗТАЪМИНОТ» АЖ РАСМИЙ ХАБАРИ


02.11.2019   3082

2019 йил 25 октябрь куни "Озодлик" радиоси журналисти томонидан Андижон вилояти, Қорасу шаҳар газ таъминоти корхонаси "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖда қоровул лавозимида ишлаган Мадаминжон Исроиловнинг ўлими ҳақида маълумот тарқатилган эди.

Журналистнинг материалида қайд этилишича, марҳум М.Исроилов шу йилнинг 21 октябр куни гўёки, "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖ бош директори Давронбек Салохитдиновга тегишли, Хонобод шаҳридаги ёзги уйнинг (дача) қурилиш ишларига мажбуран жалб қилиниши оқибатида оламдан ўтган.

Ҳодиса сабабларини аниқлаш учун зудлик билан "Ҳудудгазтаъминот" АЖ масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, Мадаминжон Исроиловнинг ўлими юзасидан хизмат текшируви бошланди.

Хизмат текшируви натижасида, марҳум "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖ ходими эмаслиги, балки "Ўзтрансгаз" АЖ газ таъминоти ташкилотининг "Андижонгаз" ҳудудий газ таъминоти филиали болиғи Шавкатбек Қодиров ва Мадаминжон Исроилов ўртасида 2017 йил 14 сентябрдаги 96/3-сонли меҳнат шартномаси тузилганлиги аниқланди.

Марҳумнинг меҳнат дафтарчасидаги охирги ёзув ҳам 2017 йил 14 сентябрь куни ёзилганлиги, юқоридаги келтирилган маълумотни тасдиқлайди.

Бундан ташқари, ёзги уйнинг мулк ҳуқуқи бутунлай бошқа шахсларга тегишли эканлиги ҳам аниқланди. Хонобод шаҳар ҳокимияти томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, мазкур объект фуқаро Д.Р.нинг шахсий мулки ҳисобланиб (мулк эгасининг исми ва фамилияси ахлоқ меъёрларга кўра ошкор этилмайди. Тасдиқловчи ҳужжат жамиятнинг матбуот хизматида мавжуд), марҳумни ишдан бўш вақтида қурилиш ишларига ёллаган.

Андижон вилоятига сафари давомида ишчи гуруҳ марҳумнинг хонадонига ҳам ташриф буюриб, унинг оила-аъзоларига таъзия изҳор этди. Шунингдек, Мадаминжон Исроиловнинг яқин қариндошлари ва дўстлари билан суҳбат давомида, "Ҳудудгаз Андижон" МЧЖга нисбатан уларнинг ҳеч қандай шикоятлари йўқлиги маълум қилинди (матбуот хизматида марҳумнинг турмуш ўртоғи ёзиб берган далолатномаси ҳам мавжуд).

Айни пайтда, ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилояти Бандлик ва меҳнат муносабатлари Бош бошқармаси томонидан, мазкур бахтсиз воқеани атрофлича текшириш учун махсус комиссия тузилди.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ ишчи гуруҳи томонидан тўпланган материаллар, "Озодлик" радиоси томонидан, акциядорлик жамияти ходимларининг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган тарқатилган маълумотларни асоссиз ҳамда нотўғри эканлигини тасдиқлайди. "Ҳудудгазтаъминот" АЖ хизмат текширувининг барча материалларини "Озодлик" радиосининг бош идорасига топшириб, таҳририятдан ОАВ соҳасидаги мавжуд халқаро қонунчиликка асосан, нопок журналистига нисбатан тегишли чоралар кўрилишини ва ҳолат юзасидан расмий раддия эълон қилинишини талаб қилади.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати