ЖАМИЯТ

«ҲУДУДГАЗ АНДИЖОН» МЧЖ РАСМАН ХАБАР ҚИЛАДИ


23.12.2019   1600

2019 йил 21 декабрь куни "Фейсбук" ижтимоий тармоғида “Mutabar Tadjibayeva Opponent” аккаунти томонидан “Андижон тумани газ таъминоти бўлимининг омборхонаси ёлланма ишчиси, 1976 йилда туғилган, 3 нафар вояга етмаган фарзандлари бор Назаров Ибратжон Икромовични шу идора раҳбари Сардор Холиқов томонидан вахшийларча ўлдирилган, яъни унинг калласини узиб, каналга ташлаган...” мазмунидаги пост қолдирилган.

Марҳумнинг оила аъзоларига ҳамда яқинларига таъзия билдирган ҳолда, қуйидагиларни маълум қиламиз:

Марҳум Назаров Ибратжон Икромович “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ нинг штатлар рўйхатида турмайди ва жамиятнинг ишчиси ҳисобланмайди. Ёлланма ишчи сифатида ҳам марҳум билан МЧЖнинг “Андижонтумангаз” филиали ёки МЧЖ билан ҳеч қандай шартнома тузилмаган.

Постда иддао қилинганидек, “Андижонтумангаз” филиалининг аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш муҳандиси Шокиржон Қўзибоев қамоқда эмас, балки у ҳам ҳозирги вақтда ўз хизмати вазифасини давом эттириб келмоқда. Ички ишлар бўлими томонидан эса тергов-суриштирув ишларига жалб этилган, холос.

Шунингдек, “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ томонидан постда келтирилган “талон-тарожликлар”ни аниқлаш мақсадида вилоят Давлат солиқ бошқармасига “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖнинг 2018-2019 йилнинг ўтган даври мобайнида Андижон тумани ҳудудида истиқомат қилувчи суюлтирилган газ истеъмолчиларига вақтинча фойдаланиш учун ажратилган маиший газ баллонлари ва ушбу йўналишда юритилган ҳужжатларини тўлиқ тафтишдан ўтказилиш учун амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат хати юборилган. Ушбу текширувдан сўнг асли ҳақиқат аён бўлади ва бу ҳақда батафсил маълумот берилади.

Ижтимоий тармоқда тарқатилган маълумотлар асосида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тергов-суриштирув ҳаракатлари ҳамда текширувлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси қонунларида айбсизлик презумпцияси (айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча, у айбсиз ҳисобланади ва айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас) мавжуд. Ҳозирги пайтда С. Холиқов эса ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан гумонланувчи сифатида қўлга олинмаган ва унга нисбатан ҳеч қандай жиноий иш қўзғатилмаган.

"Ҳудудгаз Андижон" МЧЖ Матбуот хизмати