Андижон 24

«Ҳоким ва ёшлар»: УЛАР ЎЗЛАРИНИНГ КЕЛАЖАК РЕЖАЛАРИ ВА ҚИЙНАЁТГАН МУАММОЛАРИ ҲАҚИДА ОЧИҚ-ОЙДИН ГАПИРДИ


15.01.2021   8441

Учрашув вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари билан селектор тарзида ташкил этилиб, унда жойлардан турли йўналишларда бизнес лойиҳалар қилиб, тадбиркорликни йўлга қўйиш, касб-ҳунар ўрганиш ҳамда ишлаш истагида бўлган 1 ярим мингдан ортиқ ёшлар иштирок этдилар.

Дастлаб, вилоят ҳокими Андижонда ёшларга оид давлат сиёсати асосида навқирон авлоднинг замонавий билим олиши, спорт ва бошқа йўналишларда истеъдодини намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин топиши йўлида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг самаралари ва бугунги кунда қад ростлаётган қўшма корхоналар ва унда ёшларимиз бандлигининг таъминланаётганлиги ҳамда келгусидаги режалар ҳақида қисқача тўхталди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими ёшлар билан очиқ мулоқотга киришди.

- Бугунги мулоқотда орзуларим ушалди -дейди Маърифат МФЙ худудида яшовчи фуқаро Ойдиной Иброҳимова. - Мен ва 3 нафар тенгдошимтиббиёт соҳасига ишга жойлашиш тўғрисида мурожаат қилган эдик, шу куннинг ўзида мурожаатларимиз қаноатлантирилиб, иш билан таъминланадиган бўлдик. Бунинг учун вилоят ҳокимига ва тадбирни ташкил этган барча мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Тадбирда ёшлар ўзларининг келажак режалари, уларни қийнаётган муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ёшларда тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини ишлаб чиқиш бўйича берилган мурожаат ва таклифлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Жойида ҳал қилиш имкони бўлган оғзаки мурожаатлар қаноатлантирилди. Атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган масалаларни ҳал этиш юзасидан вилоят ҳокими ўринбосарлари ва тегишли ташкилот раҳбарларига уларнинг ечимига доир кўрсатмалар берилди.

«auz.uz» online гуруҳи.