Жамият

Ҳоким ва ёшлар учрашуви: МАҚСАДИМИЗ - ХАЛҚИГА, ЮРТИГА СОДИҚ ЎҒИЛ-ҚИЗЛАРНИ ТАРБИЯЛАШ


21.01.2021   1306

Андижон Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳудуддаги ёшларнинг етакчилари билан юзма-юз ва студиялар орқали мулоқот ўтказди. Унда вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг 764 нафар ҳамда олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган 200 дан зиёд ёшларнинг етакчилари иштирок этдилар.



Мулоқот давомида вилоят раҳбари амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг туб мазмун-моҳияти хусусида сўз юритиб, умумий ўрта таълим мактаблари ёшлар етакчиларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш, ўқувчи-ёшлар билан ишлаш тизимини самарали йўлга қўйиш масалаларига эътиборни қаратди. Шунингдек, ёшлар етакчилари учун семинар-тренинглар, маҳорат дарсларини ташкил этиш муҳим жиҳатлардан эканлигини таъкидлади. Вилоятимизда 7−11-синф ўқувчиларига таълим бериш билан бирга уларни энг камида битта касбга ўргатиш амалиёти жорий этилган. Ўқувчи 11-синфга ўтганидан сўнг туман ёки шаҳар ҳокимлигининг бевосита эътиборида.

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттириш талабини қўяди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев биринчи марта ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида май ойида вилоятимизда “Ёшлар форуми” ўтказилишини таъкидлади. Бу эса тизимдаги ҳаракатларимизнинг самарасини белгилаш билан бирга, етакчилар олдига катта масъулият ҳам юклайди,- деди вилоят ҳокими. Мақсадимиз эса битта, ёшларни билим ва кўникмаларини ошириш, тажрибаларни оммалаштириш ҳамда халқига, юртига содиқ ўғил-қизларни тарбиялаш.

Ўзаро ишонч ва самимият асносида ўтган мулоқот давомида етакчилар юрт равнақи йўлида илм олиб, ғайрат ва шижоат кўрсатишларини билдирдилар. Ёшларнинг ҳамжиҳатлигини янад ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар.

Манба: andijan.uz