Андижон 24

ҲАЗРАТ НАВОИЙГА ЭҲТИРОМ


09.02.2020   1364

Андижонда буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навиой таваллудининг 579 йиллигига бағишланган “Хазрат Навоийга эҳтиром” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирокидаги тадбир аввалида Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Жаҳон адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшган улуғ аллома Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, унинг бебаҳо адабий мероси, инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарларини ўрганиш, тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бу аҳоли, айниқса, ёшларда адабиётга қизиқишни, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

Тадбирда Андижон давлат университети талабалари, Муҳаммад Юсуф номли ижод мактаби ўқувчилари томонидан сўз мулки султонининг қаламига мансуб ғазал ва рубоийлардан намуналар ўқилди.

З.М. Бобур номли вилоят театри санъаткорлари томонидан Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган сахна кўринишлари намойиш этилди, унинг ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар янгради.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Навоийхонлик кечалари вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари, таълим муассасаларида бўлиб ўтмоқда.