Ижод гулшани

​ҲАжвиялар * ҲАнгомалар * ХАндалар


19.04.2017   446

ҲАжвиялар * ҲАнгомалар * ХАндалар

СУВ ИЧАМИЗ ДЕБ...

(Ҳажвия)

Хотинининг раъйига қараб, биргаликда ресторанга кириб келган Қўзимурод эшикоғасининг илтифотидан ҳайрон бўлди.

- Эй, келинглар, келинглар! Қадамларингга ҳасанот! Сизларни анчадан бери орзиқиб кутаётгандик.

У эшикоғаси янглишмаяптимикин, деган хаёлда ортига ўгирилди. Ўзларидан бошқа ҳеч ким йўқлигини кўриб, елкасини қисди.

- Бизни айтяпсизми? - ҳайронлиги ортди Қўзимуроднинг. - Аёлим билан боя тандир сомса егандик. Шунга чанқаб кетиб бир қултумгина...

- Ҳаммасини яхши тушунаман, - эшикоғаси майин жилмайиб, рангли лампочкалар ёғду сочган зал томон қувонч билан хитоб қилди: - Шеф, кутаётган меҳмонларимиз келишди!!!

«Шеф» деганлари зал мудири экан. Зум ўтмаёқ қўлида гулдаста тутганича ҳаллослаб етиб келди. Гулдастани енгил таъзим бажо айлаганча Қўзимуроднинг аёлига узатгач, уларни оппоқ дастурхон солинган жойга илтифот билан етаклади.

- Йўқ, йўқ! - Қўзимурод бир-икки қадам босмаёқ оёғини паркет полга маҳкам тираб олди. - Биз чанқадик, холос, шунга... Қорнимиз тўқ деяпман-ку! Боя еган сомсамиз сал шўрроқ экан-да. Шунинг учун сув ичамиз деб...

-Тушунаман, ҳозир ҳаммасини шай қиламиз, - кўзларини маъноли қисди зал мудири, - Сизлар манави жойда хотиржам ўтириб туринглар. Официант, буёғини тезлатинглар! Ҳой мусиқачилар, қани шўхроғидан чалинглар-чи!

Оғир мусиқани эзғилаётган созандаларга жон кирди. Оппоқ фартук таққан офицанткалар ҳаш-паш дегунча столни турли пишириқлар-у ажабтовур ичимликлар билан тўлдириб ташлашди. Буни кўриб Қўзимуроднинг ранги қув ўчди. «Бу ердагилар «план»ини бажаришолмай бизга ўхшаганларга топган-тутганларини зўрлаб егизишга ўтволишибди-да. Оббо, ғирромлар-ей! Найрангингга учадиган аҳмоқ йўқ». У калласига келган ўйдан ўзини қўярга жой тополмай, ўрнидан туриб кетди.

- Ие, бу қанақаси?! - зал мудири уни елкасидан босиб, қайтадан стулга ўтқазди. - Ахир биз сизларни анчадан бери орзиқиб кутаяпмиз. Эҳ, бу кунга етгунча...

Қўзимурод «уҳ» тортиб, бўлаётган ишларга анграйиб қолган хотинига қараб қовоғини солди. «Ҳаммасига хотини сабабчи. Чанқадим демаганида бу кўргилик йўқ эди. Ҳамён қурғур эса... Ёнидаги бор пули анави салатга ҳам етмайди. Столдагиларнинг нархи боқувдаги қўчқорнинг пулига тенг бўлса керагов. Оббо, энди нима қилдим?»

- Қани, қани, азиз меҳмонлар, ёқимли иштаҳа. Ўз уйингларда ўтиргандай ҳеч тортинмай олаверинглар! - илтифот қилди зал мудири. - Буларнинг ҳаммаси сизлар учун. Ҳа, айтмоқчи, оғайни, “оқи”дан кетадими ёки...

- Э, йўқ! - қўлларини олдинга чўзиб эътироз билдирди Қўзимурод. - Фақат чанқаганмиз, холос. Бизни кимларгадир ўхшатяпсизлар, шекилли. Жон ака, бизга жавоб беринг, тезроқ уйимизга кетишимиз керак. Ўзи шусиз ҳам фермеримдан гап эшитадиган бўлдим. Биласизми мен...далада ғўзаларга сув қўйишим керак-да.

- Бундай тантанада ишдан гапирманг-е! - зал мудири шундай деб ароқ тўла қадаҳни Қўзимуродга узатди. - Қани, меҳмон, ресторанимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун олайлик!

Қўзимуроднинг боши қотиб қолди. «Индамай олаверай, деса чўнтак чатоқ. Бу ёқда манави пўрим қистаб қўймаяпти. Бизни барибир кимгадир ўхшатишяпти-да».

- Ахир тушунсангизчи, - деди у охири тоқати тоқ бўлиб.- Мен бунча емишга, ичимликларга қандай қилиб пул тўлайман?! Ёнимда бор-йўғи бир баклашка минерал сувга-ю йўлкирага яраша пул бор, холос.

Қўзимурод овозини баландлатиб юборди шекилли, бошқа хўрандалар ҳам улар томон бир-бир қараб қўйишди. Зал мудири бунга парво қилмай, уларни яна дастурхонга таклиф қилди. Қўзимурод бир зум ўйланиб турди-да, энсаси қотиб ўтирган хотинига шипшиди:

-Э, буёғи нима бўлса бўлар, Сарви. Қорнингга сиққанича еб-ичавер! Қисталанг қилиб қолгудек бўлишса, манави соатимни, қўлингдаги узугингни гаровга бериб, кетаверамиз-да.

Бир-иккитадан қадаҳ кўтарилиб, ул-бул нарсалар тановул қилингач, зал мудири «мен ҳозир» деб ўрнидан турди. Сал ўтмай уларнинг ёнига капалак нусха бўйинбоғ таққан, тепакал, басавлат кишини етаклаб келди. Аллақаердан пайдо бўлган видеокамерачи ҳам стол атрофида айлана бошлади.

Буни кўриб Қўзимуроднинг баданидан муздай тер чиқиб кетди. «Буёғи қизиқ бўлди-ку, а? Пулини тўламаймиз дейишяпти, деб устимдан дарров арз қилибди-да, номард! Мен унга бор гапни тушунтиргандим-ку?! Энди бўлса, ҳеч нарса билмагандек, орқада қўл қовуштириб туриши нимаси? Телевизорга ҳам олдиришяпти. Ҳадемай мелиса чақиришса керак. Э, чанқамай ўл, Сарви! Бир қултум сув ичамиз деб бошимизни машмашага тиқиб олдик. “Fўзани чанқатиб қўйиб, ресторанма-ресторан юрибсанми” деб фермерим ҳам адабимни берадиган бўлди-да.

-Хўш, меҳмонлар, зерикмай ўтирибсизларми? - басавлат кимса Қўзимурод ва унинг хотини билан бош ирғаб саломлашгач, рўпарадаги стулга ўтирди. - Таомларимиз, хизмат кўрсатишимиз сизларга ёқдими? Ҳа, раҳмат, раҳмат! Энди сизларга аталган арзимас совғаларимиз бор. Йўқ дейишинглар нимаси? Ахир сизлар ресторанимиз очилгандан бери қадам ранжида қилган юз мингинчи хўрандаларимизсиз! Кунда одам санайвериб, ходимларимиз ўша бахтли одам ким бўларкин, деб юришарди. Қаранглар-а, юбиляр хўрандалик сизларга насиб этибди! Жамоамиз номидан сизларни қутлаймиз. Ресторанимизга тез-тез келиб туринглар!

...Қайтаётганларида хотини эрига гап қотди:

-Дадаси, ресторан деганлари жа-а зўр экан-а! Ҳар замонда шаҳарга келиб, кириб турсак бўларкан. Ҳам бепул боқишаркан, ҳам совға беришаркан.

-Оғзингни юм!- кайфи ошган Қўзимурод хотинини жеркиди.- Агар саноқдан адашишганда ҳозир ўзинг уйга ёлғиз кетаётган бўлардинг, хўпми? Юбилейларини олдинроқ айтмай, андак диққат қилишганини ҳисобга олмасак, мазза қилдик-да! Мабодо телевизўрда кўрсатгудай бўлишса, рестораннинг директори ошнам бўлади, дейман. Маҳалламиздагилар кимлигимни бир билиб қўйсин. Ҳа, айтмоқчи, ишқилиб чанқамаяпсанми, Сарви?

Ҳалимжон Тоҳиров