Андижон 24

ҲАРБИЙ ҚИСМДА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИ ЯРМАРКАСИ


01.09.2019   4536

Жалақудуқ туманининг Жанубий Оламушук шаҳарчасида жойлашган ҳарбий қисмда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташаббуси ва топшириғи билан арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда мактаб ярмаркалари ташкил этилди. Бу ҳақда “auz.uz” мухбири хабар бермоқда.

Савдо ярмаркасида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун зарур турфа хил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари: мева-сабзавотлар, гўшт ва сут маҳсулотлари, салқин ичимликлар, ширинликлар, байрам дастурхонига керакли маҳсулотлар бозордаги нархлардан 50 фоиз арзон баҳода тақдим этилди.

- Вилоят ҳокими икки кун аввалги ташрифи чоғида Мустақиллик айёмини кўтаринки кайфиятда нишонлаш, ҳарбий қисмга қарашли шаҳарчада яшовчи оилаларни арзон баҳодаги маҳсулотлар билан таъминлаш топшириғини берган эди, - дейди Жалақудуқ тумани ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Зокиржон Давронов. – Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида туман марказида ташкил этилган ярмакани кенгайтирган ҳолатда сайёр тартибда ўтказишни ўзимизга белгилаб олдик. Сайёр ярмарка Ёрқишлоқ, Ойим шаҳарчаларидаги ҳарбий қисмларда ҳам 5 сентябрга қадар галма-галдан ташкил этилади.

- Байрам дастурхонига кетадиган маҳсулотларни олиб келиш учун ҳеч ҳам вақтим бўлмаётган эди, - дейди ҳарбий Сурат Жамолов. - Якшанба ҳам байрам, ҳам дам олиш бўлган учун шу куни бозорга чиқиб келишни режалаштираётган эдим. Қарангки, бизни кўнглимиздагини хис қилгандек шаҳарчамизда ярмарка ташкил этилди. Ҳам арзон, ҳам вақтдан ютадиган бўлдик.