Бугуннинг гапи

ҲАР ҚАНЧА ЭЪЗОЗГА ЛОЙИҚДИР УСТОЗ


30.09.2019   4850

Ота-она фарзандни дунёга келтириб, парваришлаб, вояга етказса, устоз ҳаёт илмини, ҳунарни ўргатади. Устозни қуёшга менгзаш мумкин, шогирдни эса дарахт каби. Фарзандларимиз қуёшнинг беминнат нуридан баҳраманд бўлиб улғаяётгани бизларга хотиржамлик, келажакка улкан умид боғлашдир. Зеро, ўзимизнинг ҳам илк бора мактабга борган кунимиз, устозимизнинг қўлларимизга қалам, дафтар ва китоб тутқазиб, меҳр ила ҳарф ўргатгани ёдимизда. Бу туйғу ҳар кишига бегона эмас. Уларни эъзозлашнинг чеки ва ўлчами йўқ. Яратилаётган шароитлар, берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳурмат ва эҳтиромнинг бир кўриниши, холос.

Андижон шаҳридаги “Баркамол авлод” ўйингоҳида 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Фидойи устозларни вилоят ҳоким Шуҳратбек Абдураҳмонов муборакбод этди ва Муҳтарам Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Тадбир доирасида келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга таълим-тарбия беришга, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссалари учун бир қатор муаллимлар давлат мукофотлари ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

- Умримнинг кучга тўлган даврини халқ таълими тизимига бағишладим, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби фахрий педагог Ҳусанбой Жўраев. – Лекин, бугунгидек ўқитувчиларга эьтибор ва ғамхўрлик кўрсатилганини эслай олмайман.

Дарҳақиқат, узоқ йиллар ўқитувчилар эътибордан четда қолиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо бугунги кунда берилаётган имтиёзлар ва кўрсатилаётган ҳурмат-эътибордан уларнинг қадри улуғланмоқда, кўксилари тоғ қадар кўтарилмоқда.

Бугун кўп йиллик меҳнатларим самара берди. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Ёшлар мураббийи” мукофот нафақат меники, жалақудуқлик барча педагогларники, -деди қалби қувончга тўлган Ҳалимжон Зокиров.

Тадбирнинг бадиий қисмида санъаткорлар ва ёш хонандалар ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар ва ажойиб рақслар кечага ўзгача фусун, дилларга кўтаринкилик бағишлади.

Санобар Раҳмонованинг “Устозлар” қўшиғи барчанинг жўрлигида ижро қилинди.Пойтахтдан ташриф буюрган, эл ардоғидаги санъаткорлар Озодбек Назарбеков, Райҳон, андижон фарзанди Асилбек Нигматов ва бошқаларнинг шўҳ куй-қўшиқлари барчани рақсга чорлади. Ўқитувчиларнинг юзларидаги мамнунликни кўриб, биз ҳам ушбу озод ва обод юртга мана шундай байрамлар ярашишига яна бир бор амин бўлдик. Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги тинчлик, тўкинлик, барча соҳа ва ёшу кексага бирдек эьтибор қаратилаётганлигидандир.

Тадбир сўнгида йиғилган устоз ва мураббийлар вилоят ҳокими томонидан планшет билан тақдирландилар.

«auz.uz» online гуруҳи.