Бугуннинг гапи

Ҳар бир оила тадбиркор: ИЗЛАГАН ИМКОН ТОПАДИ ЁКИ БОЛ ЯРАТАЁТГАН ХЎЖАОБОДЛИКЛАР


10.06.2019   5117

Хўжаободликлар тадбиркорликда ўзига хос мактаб яратган, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш долзарб вазифалардан бирига айланди. Бу янги иш ўринлари яратиш, оилаларнинг барқарор даромад манбасини шакллантириш ва фаровонлигини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Дастур доирасида йилнинг биринчи чорагида 836 нафар юридик ва жисмоний шахсларга 15 миллиард 904 миллион сўм маблағ ажратилди. Шундан 1 миллиард 67 миллион сўми кам таъминланган оилаларга имтиёзли равишда берилди.

- Излаган имкон топади, - дейди туман ҳокими вазифасини бажарувчи Отабек Расулов. - Биринчи навбатда фуқароларда тадбиркорлик кўникмасини шакиллантиряпмиз. Айниқса, асаларичиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдик. Буни ҳар бир хонадонда йўлга қўйишмумкин. Агар озгина ҳаракат қилинса, бўлди. Биз қўллаб-қувватлаймиз. Маҳаллалар кесимида ўтказилаётган семинар ва давра суҳбатларида соҳанинг қулайлиги ва сердаромад эканлиги тушунтирилмоқда. Фуқароларнинг ишсизлик муаммоси ҳам ечимини топмоқда.

Чиндан ҳам туманда асаларичилик билан шуғулланиб, экологик тоза ва шифобахш маҳсулот – асал етиштираётган оилавий тадбиркорлар сони йил сайин ошиб бормоқда. Азизбек Нишонов раҳбарлигидаги “Боғишамол зиёратгоҳи”деҳқон фермер хўжалиги бу борада уларга суянч бўляпти. Таъминотчи сифатида охирги уч ойнинг ўзида 20 дан зиёд оилада асаларичилик йўлга қўйилди.

– Бу иш билан шуғулланишни 10 йил аввал бошлаганман, – дейди А. Нишонов. – Ўшанда қизиқиш учун беш қути асалари оиласини олиб, парваришлагандим. Йиллар ўтиб тадбиркорлик фаолиятимнинг асосини ташкил этди. Янги иш бошлаганларни арига қўшиб озуқаси билан ҳам таъминлаймиз. Шу ишнинг ортидан яхши даромад оляпмиз, оиламиз, ҳаётимиз фаровон. Бол-барака, деганларича бор.

Тадбиркорнинг айтишича, асалари бир томчи бол йиғиш мақсадида мингдан ортиқ гулларга қўнади. Ўз ўрнида нозиклиги ҳам бор. Парваришлаётган одам юқори натижага эришиш учун эътиборли бўлиши, кўпроқ меҳнат қилиши лозим.

Бахрин маҳалласида яшовчи Мадинахон Хўжахонованинг айни шу йўналишдаги лойиҳаси туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди.Дастур асосидаберилган 19 миллион 750 минг сўмга 34 та асалари оиласи сотиб олинди. Натижада яшаш хонадонида икки киши иш билан банд бўлди.

Оилавий тадбиркорлар яқин кунларда биринчи бор асал олади. Ҳисоб-китоблар 300 кг.ни кўрсатмоқда. Бозор баҳосида сотилганда яхшигина даромад қилишлари аниқ.

Тошота МФЙда яшовчи Қутбиддин Каримов ва тўраободлик Иброхимжон Тешабоевларҳам “Боғишамол зиёратгоҳи”деҳқон фермер хўжалиги кўмагида бол яратяпти.

- Ҳозирда 40 та асалари оиласини парваришлаяпмиз, – дейди Қутбиддин Каримов. – Таъминотчилар парваришлашни ҳам ўргатдилар. Йил охирига бориб, оилалар сони янада кўпаяди.

Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ҳадисини олган хўжаободлик тадбиркорлар энди мазали асал етиштиришни ҳам ўзлаштирмоқда. Яқин кунларда туманда асал ярмаркаси ўтказилади. Бу соҳа ривожи йўлида яна бир қадам бўлади.

Акбаржон НАЗАРОВ.

Рустамжон ЭШОНОВ олган суратлар.