Андижон 24

Ҳар бир мурожаат эътиборда: ҚОНУННИ МЕНСИМАГАН ПАНД ЕЙДИ...


27.12.2018   1479

Избоскан тумани адлия бўлимигаЮқори мҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Ёқубова тиббиёт бирлашмасидаги иш бирлиги ноқонуний пасайтирилганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судига жавобгардан 3 миллион 936 минг 300 сўм тўланмай қолган иш ҳақини ундириш бўйича даъво аризаси киритилди. Суд даъвогарнинг аризасини тўлиқ қаноатлантирди.

Туман халқ таълими бўлимининг мансабдор шахсларини хатти-ҳаракатларидан кўнгли тўлмаган Пойтуғ шаҳар Амир Темур маҳалласида истиқомат қилувчи А.Илаев бўлимимизга охирги илинж сифатида ташриф буюрди. Ўрганишлар мансабдор шахсларнинг Қонун талабларини бузганини кўрсатди. Маъмурий ишлар бўйича туман суди уларга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 2/1 қисми миқдорида маъмурий жарима жазосини тайинлади.

Бештерак маҳалласидан келган Т.Ахунова эса, қизини “Чувама аёллар мурувват уйи”га жойлаштира олмаётгани сабабли амалий ёрдам сўраган. Тегишли тартибда олиб борилган чора-тадбирлар натижасида қизи мурувват уйига қабул қилиниб, доимий истиқомат қилиши учун жойлаштирилди.

Бугун “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат ва жамият ҳаётига татбиқ этилди. Мурожаатлар билан ишлашнинг замонавий ўзбек моделини яратишга эришилди. Республикамизнинг барча ҳудудида тенг имкониятлар, очиқ ва шаффоф механизм ишламоқда. Амалга ошираётган ишларимиздан ҳар қандай мурожаат эътиборсиз қолмаслигини фуқароларимиз ҳис этишлари лозим.

С.Матмусаев,

Избоскан тумани адлия бўлими

катта маслаҳатчиси.