Андижон 24

ҲАР БИР ЛОЙИҲА САМАРА КЕЛТИРИШИ КЕРАК


18.12.2018   1232

Вилоят ҳокими тадбиркорлар билан мулоқотда ана шунга эътибор қаратди

Ўтган якшанба куни Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида қарийб беш соат давом этган очиқ мулоқотда тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, истиқболдаги режалар муҳокама этилди.

Вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов бу борада учраётган муаммоларни изчиллик билан бартараф этиш чораларини аниқ белгилаб берди. Тадбиркорлар кўтарган муаммолардан айримларига шу ернинг ўзидаёқ ижобий жавоб олинган бўлса, айрим мурожаатлар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.

Ҳудудимиз шароитидан келиб чиқиб, аввало импорт ўрнини босувчи, экспортбоп ва маҳсулотларнинг ҳали ўзлаштирилмаган турларини ишлаб чиқаришга устуворлик берилаётгани таъкидланди. Қолаверса, ташаббускорнинг молиявий имкониятлари, қурилиш-созлаш ишларининг жадаллиги, олис туманлар иқтисодиётини ривожлантиришдаги улуши таҳлил тарозисига қўйилади.

Шундайлардан бири "SUNLIGHT CO LTD" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси томонидан таклиф этилган. Иккиламчи ойнакларни қайта ишлаш лойиҳасига кўра 1,2 миллион доллар миқдоридаги инвестиция ҳисобидан Бўз туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Чекка ҳудудда жойлашганлиги ва келаси йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилиши ҳам эътиборли жиҳатлардандир. Андижон шаҳридаги "АVТО ТЕКSТIL" МЧЖ автобус ва автомобиллар ўриндиқлари учун қоплама мато ишлаб чиқаришни режа қилган. 10,4 миллион доллар маблағ эвазига 120 та иш ўрни яратилади. Ички бозордан ташқари йилига 1 миллион доллар ҳажмдаги маҳсулот экспорт қилинади. 2019 йилнинг ўзида лойиҳанинг биринчи навбати ишга туширилиши режалаштирилган.

2019-2020 йилларда вилоятимизда қарийб 11 триллион сўмлик 580 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Натижада 32 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади ҳамда 23 минг 480 та иш ўрни яратилади. Тадбиркорларнинг мазкур саъй-ҳаракатлари туфайли солиқ базаси кенгайиб, бюджетга қўшимча тушумлар ҳажми ортади.

Мулоқотда, шунингдек, бўш турган объектларни хатловдан ўтказиш, уларни ҳақиқий тадбиркорларга бериш юзасидан таъсирчан чоралар кўрилиши таъкидланди.

Вилоят ҳокими ҳалол меҳнат эвазига тадбиркорлик қилиш ниятидаги барча андижонликларга, олис ва яқиндаги сармоядорларга зарур шароит яратиб берилишини алоҳида айтиб ўтди ва ҳамкорликка чорлади.

Муроджон Тўхтаназаров.