ЖАМИЯТ

ҲАР БИР ҚУРИЛМАНИНГ ХИЗМАТИ УНГА ҚИЛИНАДИГАН ЭЪТИБОРГА БОҒЛИҚ


26.04.2021   2096

“Ҳар бир қурилманинг хизмати унга қилинадиган эътиборга боғлиқ, - дея гап бошлади биз билан суҳбатда “Bo’stontumangaz” газ таъминоти бўлимининг чилангари Обиджон Мирзаолимов. - Шунинг учун ҳар йилги куз-қиш мавсумига тайёргарликда барча газ тарқатиш қурилмаларнинг (ГТҚ) техник кўриги шошилмасдан, пухта ва сифатли амалга оширилади.”

Бугун Бўстон туманидаги 3 148 нафар табиий газ истеъмолчиларига 118 та юқори ва ўрта босимли газ тарқатиш пунктлари орқали табиий газ етказиб берилади. Ҳар йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида таъмирлаш ва техник кўрикдан ўтказиш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилади.

“Шу кунга қадар “Халқаобод” МФЙ ўрамидаги 11 та ГТҚни тўла кўрикдан ўтказдик. Шундан 2 таси юқори ва 9 таси ўрта босимли ГТҚлардир. МФЙ ўрамидаги барча газ тарқатиш қурилмаларининг техник кўриклари ва созлаш ишлари тугагач, мавжуд 548 нафар истеъмолчининг хонадонида бир меъёрда газ ёнади”, - дея суҳбатни давом эттирди Обиджон ака.

Жорий йилги мавсумга тайёгарлик жараёнида 3 км газ қувурларини босим остида синаш ва ҳаво ёрдамида тозалаш, 1.8 км узунликдаги ер ости қувурларини эса махсус асбоб ёрдамида ҳолатини текшириш, 1.5 км газ қувурларини бўёқлаш режалаштирилган. Ҳозиргача чилангарлар томонидан 1 километрдан ортиқроқ қувурлар бўёқланди.

“Яна бир йилдан сўнг газ соҳасида ишлаётганимга 30 йил бўлади. Барча 118 та ГТҚни беш қўлдай биламан десам, хато бўлмаса керак. Ростиям шу-да, 30 йил шу қурилмалар билан ишласангиз, ҳар бирининг хусусиятлари ёд бўлиб кетади. Ҳар йилги кўрик пайтида ҳар бир регулятору, зулфинлар, ҳатто гайкаларгача биласиз. Уларни мойлайсиз, тозалайсиз. Меҳнат қиласиз. Чарчайсиз. Лекин қўни-қўшни ёки қишлоқдошингизни уйида бир меъёрда газ ёнганини кўриб, меҳнатларингиз зое кетмаганини тушунасиз.” - дея суҳбатга якун ясади қаҳрамонимиз.

Биз ҳам ўз иш кунимизни оддий чилангар билан ўтганидан ўзимиз учун ҳам кўп нарса олдик. Шунингдек, оддий газ соҳаси ходимининг ҳам юрагидаги гапларга қулоқ тутиб, меҳнатлари самарасидан қувонаётганини гувоҳ бўлдик.

“Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали матбуот хизмати.