Андижон 24

ҲАМЖИҲАТЛИК ОРТИДАН КЕЛГАН FАЛАБА


16.10.2020   560

Рустамжон Исматуллаев,

вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари

бўйича ўринбосари

Вилоятимиз пахтакорлари ҳар гектар

ердан 31,7 центнердан ҳосил йиғиб-териб олиб, тайёрлов корхоналарига 251 минг 773 тонна «оқ олтин» етказиб бердилар.

Барчамизнинг хабаримиз бор, сўнгги йилларда халқ хўжалигининг барча жабҳаларида, жумладан, аграр тармоқда ҳам ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Соҳадаги таркибий ўзгартиришлар боис кластер усулини жорий этиш бошланди. Ҳар бир тармоқда ушбу тизимни шакллантириш жараёнида пахтачилик кластерларини ташкил этиш 100 фоизга етказилди.

Ушбу тизимдан кутилаётган мақсад ҳосилни етиштириш, қайта ишлаш ва бозорга тайёр маҳсулот чиқариш вазифасини ижро этишдан иборат. Бундан кутилган мақсад аввало аҳоли бандлигини кўтариш, арзон гаровга тола сотиш усулидан воз кечиш орқали пахтачиликдан келадиган даромадни ошириш, соҳада илғор инновацион технологияларни жорий этишдан иборат.

Икки томон - фермерлар ва кластерлар фаолиятидаги уйғунликнинг самараси шуки, жорий йилда пахта тайёрлаш шартнома режаси салкам 1 ойда адо этилди ва қўшимча ҳосил тайёрлаш уюшқоқлик билан давом этмоқда. Булоқбоши, Марҳамат, Пахтаобод, Улуғнор, Балиқчи, Қўр-ғонтепа, Избоскан, Жалақудуқ, Хўжаобод туманларида режага қўшимча ҳосил тайёрланмоқда. Қолган туманларда ҳам яқин кунларда шартнома режалари уддаланади.

Жорий йил деҳқончилигининг ўзига хос жиҳатлари бор ва унинг ютуқлари ва қийинчиликлари ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда турибди. Қиш ва баҳор илиқлиги, сув таъминотидаги тақчиллик шароитида 76 минг 200 гектар майдонда бошоқли экинлар парвариш қилиниб, 517 минг 398 тонна ғалла ишлаб чиқарилди. Вилоят бўйича ўртача ҳосилдорлик 67,9 центнерга тўғри келди. Шартномадаги 261 минг 357 тонна ўрнига 293 минг 430 тонна ғалла тайёрланди. Ҳар гектар ғаллазордан тайёрлов корхонасига 38,5 центнердан дон етказиб берилиб, мамлакатда энг юқори кўрсаткич қайд қилинди.

Пахтачилик борасида кўп йиллардан буён фермерларимиз орзу қилаётган ғўзанинг «Андижон» навларини жойлаштиришда ижобий ўзгариш юз берди. «Андижон-35» 30 минг 490 гектарга, «Андижон-36» 32 минг 600 гектарга, «Андижон-37» 7 минг 910 гектарга, истиқболдаги маҳаллий янги навлар 2 минг 500 гектарга экилдики, бунинг натижаси ўлароқ сифатли ҳосил тайёрлаш имконияти кенгайди.

Балиқчи туманидаги «Омонулло даласи», Қўрғонтепа туманидаги «Оқ сув», Булоқбоши туманидаги «Абдуҳошим Нурматов» фермер хўжаликларида ҳар гектар ердан 50-52 центнердан ҳосил олинди. Юздан зиёд фермер хўжалигида 40-48 центнергача ҳосил олинганлиги эса илғорлар сафининг кенгайиб бораётганидан далолатдир.

Қийинчиликлар ортда қолди. Кўчат кўзга ташланган паллада, апрель ойинингиккинчи 10 кунлигида содир бўлган совуқ эвазига оз эмас, 29 минг гектар атрофидаги даладаги ниҳоллар қовжиради. Соғ қолганлари эса алоҳида эътибор билан ғўзага айлантирилди. Уч бор қайта чигит экишни бажарган фермерлар ҳам бор: қайта-қайта ҳаракат билан ғўза ҳосилга ётди ва юкини оқлади.

Мавсумнинг энг оғир дамлари вегетация даврида юз берди. Қора дарё ҳавзасида кўп йилликка нисбатан 41 фоиз, 2019 йилга қараганда эса 45 фоиз сув кам бўлди. Ана шундай шароитда аввалги деҳқонлар тажрибаси асосида ғўзага сув беришда «Навбат усули» қўлланилди. Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, аввалги йилга нисбатан 104,4 миллион кубометр сув кам олинган шароитда далаларимизга барака ёғилди.

Йиғим-теримни ташкил этишда аввал бўлганидек, ортиқча шов-шувларга ўрин қолмади. Бандлик идоралари билан ҳамжиҳатликда олиб борилган ташкилий ишлар пировард натижада мажбурий меҳнатни бартараф этди.

Олдимизда табиий иқлимдаги ўзгаришлар, юз бераётган сув тан-қислиги аграр соҳада туб ўзгаришларни тақозо этмоқда. Бунда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш устуворлик касб этиши давлатимиз раҳбари ва ҳукумат эътиборида турибди. 2030 йилгача ишлаб чиқилган дастур бў-йича 2021 йилда вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар бошланади. Ҳокимлар рейтингини ҳисобга олишда айнан янги усулни татбиқ этиш ҳам ўрин олганлигининг ўзи масаланинг нақадар аҳамиятли эканлигидан хабар бермоқда.

Ҳали дала ишлари кўп. Ҳосилнинг борини йиғиб-териб олиш, далани ғўза поядан тозалаш ва ҳайдов ўтказиш, текислаш ва пушта олиш долзарб вазифа бўлиб қолаверади. Озиқ-овқат хавфсизлиги доирасида сабзавот, картошка ва озуқа экинларини йиғиштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хулоса шуки, деҳқончилик мавсумий иш эмас. Аксинча йил 12 ой доимо эътиборда туриши шарт бўлган соҳадир.

ЗАФАРМУБОРАК,

ЭЙБОБОДЕҲҚОН!

Улкан зафар қучди аҳли Андижон!

Ватан равнақига доим фидо жон!

Қуёш уйғонмасдан далага шошган,

Ғайрати танига сиғмаган, тошган,

Юзи ёруғ бўлиб, маррадан ошган,

Олтин даласига султон-у ҳоқон,

Ғалаба муборак,эй бободеҳқон!

Қадоқ қўлларингни юзимга суртсам,

Босган изларингни кўзимга суртсам,

Полвон сўзларингни сўзимга суртсам,

Томирингда жўшиб, оқар тоза қон,

Ғалаба муборак, эй бободеҳқон!

Эгнингда оқ яктак, елкада кетмон,

Белда бобобелбоғ, қалбда пок иймон,

Ҳалол меҳнат билан кўтариб хирмон,

Эл ишига этар кўксини қалқон,

Ғалаба муборак, эй бободеҳқон!

Офтобда қорайган ёноқларингдан,

Эрта тонг ялаган қаймоқларингдан,

Сенга мадад бўлган аймоқларингдан,

Минг бора ўргилай, вужудим вулқон,

Ғалаба муборак, эй бободеҳқон!

Булутга туташди уйган хирмонинг,

Ниш уриб кўкарди қадаган донинг,

Ризқинг улуғ халқим, бутундир нонинг,

Қандай гўзал ҳаёт, бахтлидир замон,

Ғалаба муборак, эй бободеҳқон!

Мурожаат руҳи ҳамон юракда,

Ғалаба шукуҳи дилда, тилакда,

Ҳали белда қувват, куч кўп билакда,

Сўнгги мисқолин ҳам терамиз ҳар он,

Ғалаба муборак, эй бободеҳқон!

Оқ-олтинни олтин қўллар яратар,

Миллатнинг бойлигин, шонин таратар,

Зафар қучиб, лолу ҳайронқаратар,

Лабзи ҳалол, тоғни қилади толқон,

Ғалаба муборак, эйбободеҳқон!

АбдурашидЭргашев,

Асака тумани 26-мактаб

ўқитувчиси.