ЖАМИЯТ

ҲАМШИРАНИ ИШГА ЖОЙЛАБ ҚЎЯМАН ДЕБ ПОРА ОЛГАН ХОНОБОДЛИК БОШ ШИФОКОРГА ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ


23.02.2019   1988

Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судида муайян раҳбарлик лавозимларда ишлаган, бироқ ўз ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ишга жойлаб қўяман деб пора олган шифокор Н. Б.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Тергов ишлари давомида судланувчи Н. Б. 2018 йилнинг 7 июлидан Хонобод шаҳар Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келгани аниқланди. Н. Б. Қўрғонтепа туман Тиббиёт бирлашмасига ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш ваколатига эга бўлмасада 2017-2018 йилларда туман кўп тармоқли Марказий поликлиникаси мудири лавозимида ишлаган даврида хизмат вазифасидан фойдаланиб, 2018 йилнинг май ойида фуқаро З. М.ни алдаб, ишончига кириб, поликлиникага ҳамшира вазифасига ишга киритиб қўйишга ваъда берган. Бунинг учун 500 АҚШ доллари талаб қилган ва олгандан сўнг масалани ҳал этиб бермаган. З. М. эътироз қилганида қўшимча равишда яна 200 АҚШ доллари берса ҳаммаси жойида бўлишини айтган. Жабрланувчи ўша пайтдда унинг айтганларига кўнган бўлсада, хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, давлат хавфсизлик хизмати Қўрғонтепа туман бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Ҳамкор ташкилотлар билан ўтказилган тезкор тадбир давомида 2018 йилнинг 8 сентябрь куни Н. Б. Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмасидаги ўз хизмат хонасида 200 АҚШ долларини олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.

- 2018 йилнинг май ойида мен раҳбарлик қилган поликлиникада травматология хамшираси бўлиб ишлайдиган М. ўзининг таниши З.М. исмли аёл билан келди, - дейди судланувчи ўз кўрсатмасида. – Улар мендан хамшира вазифасига ишга қабул қилишда ёрдам беришимни сўрашди. Мен уларга туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи билан гаплашиб қўришимни билдирдим. Бирлашма бошлиғи А.А. билан кўришиб, З.М. иш сўраб мурожаат қилганини айтганимда, бошлиқ 500 АҚШ доллари билан ҳал бўлади деди. З. М. айтилган пулни менга берганида бошлиққа олиб кирдим. Лекин А.А. турли бахоналар қилиб, алдаб келди ва яна 200 доллар сўради.

Судда гувоҳ сифатида иштирок этган А.А. эса Н. Б. З.М.ни туман марказий поликлиникага хамшира вазифасига яъни боғлов хонасида ишловчи хамширани ўрнига ишга олишини сўраганида хозирда бўш ўрин йўқлиги, у айтган ўринда ишлаётган хамшира касаллик варақасида эканлигини айтганини билдирган. Шунингдек, Н.Б. айтаётган хамширалик вазифасига ишга қабул қилиш эвазига олинган 500 АҚШ долларини кўрмаганлигини, бу холат юзасидан хабари бўлмагани бўйича кўрсатув берган.

Жиноят ишлари бўйича Қўрғорнтепа туман суди раиси Исақжон Эргашевнинг айтишича, Н. Б. суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан билан айбли деб топилган. Жазоларни қисман қўшиш йўли билан қўшиб узил-кесил бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Шунингдек, ҳар ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Санжарбек СОЛИЖОНОВ

Қўрғонтепа тумани ички ишлар

бўлими бошлиғи ўринбосари,

Тергов бўлими бошлиғи, подполковник.