ЖАМИЯТ

ҲАММА НАРСАНИ АХБОРОТ ОЛАМИГА ТЎНКАШ НОТЎҒРИ, ЎЗИМИЗ БОЛАЛАРГА КАМ ВАҚТ АЖРАТЯПМИЗ


22.02.2021   2087

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ўсмир ёшдаги ўқувчиларнинг безори ҳаракатлари билан боғлиқ видео тасвирлар ва беодоб воқеалар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Биз катта авлод вакиллари бу ҳолатларга бефарқ бўлмай, унинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилишимиз лозим. Нимага бундай воқеалар урчиб бормоқда?

Ҳамма нарсани ахборот оламига тўнкаш ҳам нотўғри. Биз болаларга кам вақт ажратмоқдамиз. Самимий суҳбатлар қилмаяпмиз. Турмуш ташвишлари билан бўлиб, бола ёлғизланиб қолмоқда. Бекор қолган, меҳрга муҳтож, зериккан бола кўча таъсирида шундай ножоиз ишларга қўл уриб, жамоатчиликни хижолатга солмоқда.

Маълумки, ўсмирлик – шахс шаклланишидаги асосий даврдир. Бу давр айрим махсус психологик адабиётларда «ўтиш даври», «оғир давр», «инқироз даври» каби номлар билан аталади. Шу давр бўшлиққа дучор бўлмоқда.

Ўсмирлик даврининг оғир, мураккаб давр эканлиги кўплаб психологик, физиологик, ижтимоий омиллар билан боғлиқ. Бу даврда ривожланишнинг барча жиҳатлари: жисмоний, ақлий, ахлоқий, ижтимоий ва шу кабиларнинг мазмун моҳияти ҳам ўзгаради. Бу даврда ўсмир ҳаётида унинг руҳияти, организмининг физиологик ҳолатларида, унинг ижтимоий ҳолатида жиддий ўзгаришлар содир бўлади.

Ўсмирлар турли хил қоида ва чекловларга қаршилик кўрсатишади, шуни ҳам инобатга олинг ва ҳар бир вазиятни имкон қадар меҳр ва сабот билан тушунтиринг.

Бирор нарсага изоҳ бермай, тақиқлайверманг. Аввал "нима учун?" деган саволга жавоб беришингиз керак. Акс ҳолда, фарзандингизнинг дўсти сиз эмас, балки кўчадаги ошна-оғайнилари бўлиб қолади. Маслаҳатни канда қилмай, ҳаёт йўлини ҳам ана ўшалар кўрсатиб туришади. Шунинг учун кераксиз дўстлар ўрнига ўзингиз дўст бўлиб, зарарли одатлар ўрнини фойдалилари билан алмаштиринг.

Ҳар бир ўсмир мустақил қарор қабул қилишда ўзини етарлича оқил ва доно, деб ҳисоблайди. Тўғри йўлга солиш эса, сизнинг ота-оналик иқтидорингизга боғлиқ.

Масалан, хонадонингизга бирор ўзгартиришлар киритмоқчисиз, меҳмон чақирмоқчисиз, ремонт ёки ободонлаштириш ишларини режалаштиргансиз, бу борада фарзандингиз фикрини сўранг ва албатта, уни инобатга олинг. Шунда фарзандингиз, унинг фикри-ю, маслаҳатларига ҳурмат билан қарашингизни кўриб, ўзини оиланинг ажралмас бўлаги, деб ҳисоблайди.

Иложи бўлса, мактабдан бўш вақтларида иш эгалари ва тадбиркорларга шогирдликка бериб назорат қилиб туринг. Турли тўгарак, курс ва спорт билан банд қилинг. Унинг бўш вақтини назоратсиз қолдирмаслик керак.

Китоблар, мақолалар ва бадиий адабиётларни фарзандларингиз билан ўқинг. Мана ҳозир сериаллар намойиш этилмоқда. Бу сериалларга нуқул салбий муносабатларда бўлавермай, қиёсий юқори синфда ўқийдиган фарзандларингиз билан муҳокама қилинг.

Ўзингизни қизиқтирган оид сўзларни луғатдан кўчириб, дафтарларга ёзиб чиқинг. Болаларга берилган топшириқларни ҳамиша ўзингиз билан олиб юринг. Чунки бўш вақтларда унга қараб, сўзларни эсга олиш, ёдлатиш мумкин.

Фарзандларингиз билан ишингиз самарали бўлишини истасангиз, бирданига кўп сўзни ёдлашга киришманг. Бошида кунига 7-8 та сўз кифоя. Кейинроқ қанча сўзни ўзлаштиришга қурбингиз етиши ўз-ўзидан ойдинлашади. Ўрганилган сўзларни амалда қўллаб кўринг. Шунда улар фарзандларингиз хотирасида мустаҳкам ўрнашиб қолади.

Мамлакатимизнинг ҳар бир оиласида мактаб ёшидаги болалар бор. Бува ва бувилар, ёш ота-оналар бор. Намунали болалар ҳам, тартибсиз, ташвиш келтираётган ёшлар ҳам четдан эмас, балки ўзимизнинг орамиздаги оилалардан келиб чиқмоқда. Оилада тарбия ишини тўғри режалаштириб, болаларни ўзимизга сирдош тутсак, шунинг ўзи етарли.

Бахтиёр КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси

Манба: uza.uz