ЖАМИЯТ

«ҲАМИША ҚОИДАГА АМАЛ ҚИЛИШ ЗАРУР...»


11.07.2020   2225

-Хизмат юзасидан кунига 8-10та хонадонга киришимга тўғри келади. Аввало, ҳар бир хонадонга кирганда, карантин қоидаларига қатъий амал қиламан, - дея суҳбатни бошлади “Балиқчитумангаз” филиалининг уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш чилангари Собиржон Нурматов. -Сўнгра хонадон эгаларига газдан фойдаланиш қоидалари, уй ичи газ жиҳозларини нима учун техник кўрикдан ўтказиш кераклиги ва албатта, тежамкор газ ускуналари ҳақида ҳам гапириб ўтаман.

(Чилангар билан туманнинг “Кўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида юриб, суҳбатлашишга аҳд қилдик)

Бугун бизни туманда 51 829 та газ жиҳози хатловдан ўтказилган. Шундан 11 мингдан ортиғи 2 кўзли, 18 мингдан ортиғи 3 кампаракли ҳамда 12 мингги 4 кампаракли газ плиталарини ташкил этади. Шунингдек, 15 224 дона иситиш печлари, мингга яқин иситиш қозонлари ҳамда 700 га яқин ҳаммомларга ўрнатилган титанларимиз мавжуд. Уларнинг ҳар бирини техник кўрикдан ўтказишда жиҳозларнинг созлиги ва фойдаланишга яроқли эканлигини ҳисобга оламиз.

Мана бугун туманнинг “Кўл” МФЙ ҳудудидаги “Учбулоқ” кўчасидамиз (Собиржон ака билан кўчанинг 55-уйида истиқомат қилувчи Баҳромжон Қурбонов хонадонига кирамиз). Мен ҳамиша ҳар бир хонадонга киришдан аввал, ўзимни таништириб ўтаман. Тўғри, улар мени кўришган, танишади, лекин ҳамиша қоидага амал қилиш зарур. Хонадонга киргач, уй эгаси изни билан даставвал ошхонага кирамиз. Сўнгра ўзим учун шароит яратаман. Махсус хизмат сумкамдан асбобларни қулай жойга териб бўлгач, иш бошлайман. “Ҳудудгазтаъминот” АЖда иш бошлаганимиздан бери, сумка ва махсус асбоб-ускуналар билан таъминландик. Кўчада юрсак ёки хонадонга кирсак ҳам уялмаймиз, энди.

(Собиржон Нурматов билан яна бир-икки хонадонларга кириб иш жараёнини кузатдик. Одамлар билан муомаласи, ўз касбининг устаси эканлигини биз ҳам сездик. Суҳбат якунида эса..)

Тўғриси, соҳада ишлаганимдан фахрланаман. Ҳалол ризқ билан бола-чақа боқаётганимдан ҳам хурсандман. Соҳамиз замон билан ҳамнафас ҳолда ривожланмоқда, истеъмолчиларга бўлган муносабат ўзгарди. Бу эса, бизни янада яхшироқ меҳнат қилишга ундамоқда.”

Суҳбатни “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот котиби ёзиб олди.