ЖАМИЯТ

ҲАМ ЎЙИН, ҲАМ БИЛИМ


01.06.2018   2248

Болалар кунига бағишлаб Автотест компанияси ва Мактабгача таълим вазирлигининг қўшма лойиҳаси доирасида республикамизнинг мактабгача таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб этувчи ўйинли машғулотлар ташкил этилди. У флешмоб шаклида республикамиз бўйича бир вақтда бошланди.

- “Автотест ва болалар” лойиҳасини ўтказишдан асосий мақсад, болаларда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича билимларни шакллантириш ва ривожлантириш, уларни кўчаларда тартибли ва ҳушёр бўлишга ўргатишдан иборат,-дейди “Avtotest Andijon” ўқув маркази директори Жаҳонгир Эгамназаров.-Лойиҳа доирасида болаларга йўл ҳаракати белгиларига амал қилиш, йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш ва транспортда ўзини тутиш қоидаларини ўргатамиз. Ҳар бир бола ёшлигидан йўлни қаерда ва қандай кесиб ўтишни билиши, шунингдек, йўл белгиларини ажрата олиши лозим. Тарғибот ишларини илк бора Андижон шаҳридаги 53-сонли мактабгача таълим муассасасида бошладик. Келгусида мана шундай ишлар кўламини янада ошириш ниятидамиз.

Автотест ўқитувчилари ва методистлари лойиҳа учун махсус йўл ҳаракати қоидалари акс этган рус ва ўзбек тилларида буклетлар, шунингдек, дидактик ўйинлар тайёрлади. Компания томонидан алоҳида технологик хариталар ишлаб чиқилди. Ҳар бир машғулотга барча болаларни жалб этиш учун интерфаол усуллардан фойдаланган холда ўтказилди.

М.Тўхтаназаров.