ҲУҚУҚ

«ҲАЛОЛЛИК ВАКЦИНАСИ» КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МУҲИМ ВОСИТАДИР


13.06.2024   893

Мамлакатимизда жамиятни янгилаш ва демократлаштириш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маънавий соҳаларни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилмоқда.

Зиммасига жамиятда қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини муҳофаза қилиш каби вазифалар юкланган мансабдор шахслар амалдаги қонунларга қатъий риоя этишлари лозим. Уларнинг ўз шахсий манфаатларини жамият манфаатларидан устун қўйиши мутлақо муроса қилиб бўлмайдиган ҳолдир.

Коррупция тўрига илинган амалдорлар шахсий бойлик орттириш пайидан бўлади, уруғ-аймоқларининг манфаатларини жамият ва давлат манфаатидан устун қўйишади. Бу эса мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий ривожига ҳамда аҳолининг келажакка бўлган ишончига, давлат обрўсига жуда катта зарар етказади. Таъкидлаш жоизки, коррупция ҳозир дунёдаги деярли барча давлатларда тараққиёт йўлига ғов иллат ҳисобланади. Пора олиш ва бериш халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида оғир жиноят деб белгилангани ҳам коррупциянинг трансмиллий характеридан даракдир.

Коррупция билан боғлиқ жиноятлар орасида порахўрлик энг хавфлиси, албатта. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддасида жавобгарлик белгиланган “пора олиш” жинояти, объектив томондан давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлишликда ифодаланган.

Пул, қимматбаҳо қоғозлар, моддий бойликлар, шунингдек, мулкий аҳамиятга молик бўлган (масалан, таъмирлаш, қурилиш, қайта тиклаш ишларини бажариш ва бошқа) хизматлар пора предмети бўлиши мумкин.

Ушбу жиноятнинг субъекти 18 ёшга тўлган давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг мансабдор шахси бўлиши мумкин.

Шунингдек, қонунга мувофиқ пора берган шахс ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши қонунда белгиланган ва пора олиш жинояти каби оғир қилмиш саналади. Фикримиз исботи учун судда кўриб чиқилган коррупция билан боғлиқ ишлардан бирини мисол сифатида келтирамиз.

Судланувчи Ш.Алимова Андижон вилояти психиатрия тиббий ижтимоий эксперт комиссияси раиси лавозимида ишлаб, мансабдор шахс бўлгани ҳолда, Д.Тиллабоеванинг “Д” назоратда турувчи синглисининг иккинчи гуруҳ ногиронлигини бир йилга узайтириб бериши эвазига 1 миллион 200 мингсўм пул сўраб, ушбу маблағларни ўз хизмат хонасида олганда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далил билан қўлга олинган.

Ушбу ишни мазмунан кўриш давомида, Ш.Алимова ўз касбининг устаси, кўп йиллик тажрибага эга раҳбар бўлса-да, нафс гирдобига тушиб, ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслардан шахсий манфаатлари йўлида пул ундириш йўлига ўтгани фош бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг 2023 йил 5 июнь кунги ҳукмига кўра, Ш.Алимова пора олиш жиноятини содир этганликда айбдор деб топилиб, икки йилга тиббиёт соҳасида раҳбарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шу ўринда, буюк олим, аждодимиз Абу Райҳон Берунийнинг “Ёмонликнинг тури кўп, бироқ уларнинг энг ярамаси тама ва илмсизликдир”, деб ёзган сўзларини келтириш лозим. Холисона айтсак, сўнгги йилларда давлатимиз томонидан кўплаб соҳалар қатори тиббиёт тизимини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётган шароитда тиббиёт соҳаси вакилларининг тамагирлик қилиши инсоний мезонларга тўғри келадими? Бу инсоннинг маънавий таназзули, виждонини сотиб, нафсининг қулига айлангани, тубанликка юз тутганидан далолат эмасми?!

Умуман олганда, коррупцияга, порахўрликка қарши курашишда энг самарали ва асосий омиллардан бири бу жамоатчилик назоратидир. Шунинг учун жамиятда юқоридаги иллатнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасизлик муҳитини вужудга келтириш зарур. Бунда оила, меҳнат жамоаси ва маҳалла каби тарбия масканлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг кенг имкониятларини ишга солиш лозим.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, коррупциядан ҳоли ҳуқуқий жамият қуришнинг асосий мезони – бу жамиятнинг ҳар бир аъзоси, у ким бўлишидан қатъи назар, қонунларни ҳурмат қилиши ва унга тўлиқ бўйсуниши, “ҳалоллик вакцинаси”ни ўз қалбига жойлаши ва ҳар қандай коррупцион вазият ҳамда ҳолатларга муросасиз бўлишида деб ҳисоблаймиз.


Зафаржон Омонов,

жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг раиси