ЖАМИЯТ

КЕЛАЁТГАН ЙИЛ УЧУН БЮДЖЕТ ТИЗИМИ ОЧИҚ ВА ШАФФОФЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ. МАБЛАҒЛАР САМАРАЛИ ВА МАНЗИЛЛИ ЙЎНАЛТИРИЛАДИ


27.12.2019   1080

2020 йил давлат бюджети лойиҳаси халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланиб, биринчи марта “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонунга мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб ҳамма маҳаллий бюджетлар мустақиллиги белгиланди ҳамда тегишли ҳокимликларга ва уларнинг мутасадди идораларига маҳаллий бюджетларни мустақил равишда шакллантириш ваколати берилди. Хар бир бюджет ўзининг даромадидан келиб чиқиб харажатлар миқдорини ошириши ёки камайтириши мумкинлиги белгилаб кўйилди.

Президентимиз кўрсатмасига кўра, вилоятларнинг вилоят бюджетини тўғри шакллантирганликлари юзасидан хулосалар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар хокимликлари томонидан шакллантирилган бюджетларнингтўғрилиги юзасидан хулосалар молия бош бошқармалари томонидан берилмоқда. Шу билан бир қаторда Қонун билан маҳаллий бюджетларнинг даромадлари манбалари тасдиқланди. Унга мувофиқ, туман бюджети даромадлари қуйидаги манбалар ҳисобига шаклланади:

1. Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари;

2. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкларини ижарага беришидан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;

3. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

4. Қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хом ашёси ва оҳактош мустасно.

Бундан ташқари маҳаллий бюджетлар даромадлари ҳамда харажатлари ўртасидаги тафовутларни қоплаш мақсадида, даромадларни қайта тақсимлаш ҳамда тренсфертлар ажратиш кўзда тутилмоқда.

Бунда, Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини вилоят бюджети ҳамда шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетлари ўртасида тақсимлаш;

- мобил алоқа хизмати ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пиво учун акциз солиғидан тушумлар 2019 йил
1 июль ҳолатига кўра тегишинча ҳудудлар аҳолиси сонининг республика аҳолиси сонидаги улушига мувофиқ шаҳарлар ва туманларга ўтказилади.

Вилоят маҳаллий бюджетидан молиялаштирилиб келинаётган ўзини ўзи бошқариш органлари орқали тайинланадиган ижтимоий нафақалар ҳамда давлат санитария-эпидемиология назорати туман ва шаҳар марказларини сақлаш харажатлари шаҳарлар ва туманлар маҳаллий бюджетларига берилди.

2020 йил учун барча ҳокимликларнинг захира жамғармалари ўзларининг бюджет харажатларининг умумий кўрсаткичидан 1,5 фоизидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади.

Келаётган 2020 йилда туман бюджети харажатлари таркибининг 67.1 фоизини ёки 72 млрд. 774 млн.сўми иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ташкил этади.

Туман бюджети харажатларини соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, ижтимоий соҳа харажатларига 86 млрд. 709 млн.сўм ёки жами харажатларнинг 80,0 фоизини йўналтириш таклиф этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш харажатларига 48 млрд.сўм сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Хусусан, соғлиқни сақлаш муассасаларини сақлаб туриш, жумладан, озиқ-овқат, дори-дармон, гигиена воситалари, юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар билан таъминлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида озиқ-овқат захирасини яратиш каби харажатлар мавжуд бўлиб, уларга 7 млрд.сўм миқдорида маблағлар ажратиш режалаштирилмоқда.

- Мактабгача таълим сохасига келаётган йилда
9 млрд. 187 млн сўм миқдорида маблағ ажратилади. Ушбу маблағлар асосан мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбияланувчиларнинг овқатланиш харажатларига йўналтирилади.

- Умумий таълим харажатларига 6 млрд. 518 млн сўм сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Иқтисодиётга қилинадиган харажатлар миқдори эса 9.5 млрд.сўмни ташкил этмоқда.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини сақлаш харажатлари 4 млрд. 700 млн.сўмдан иборат бўлади. Умумий қилиб олганда, 2020 йилги туман бюджетининг солиқ тушумлари бўйича даромадлари режаси 52 млрд. 569 млн.сўм, юқори бюджетдан олинадиган трансфертлар миқдори 55 млрд.830 млн сўм миқдорида белгиланиб, туман бюджетининг харажатлари эса 108 млрд. 399 млн.сўмни ташкил қилмоқда.Ҳамма сайъ-ҳаракатлар халқимиз ҳаёти фаровонлигига қаратилгани билан эътиборлидир.

Бобирмирзо ЮЛЧИЕВ,

Балиқчи тумани молия бўлими мудири.