ЖАМИЯТ

КЕЧКИ САЛҚИНДАГИ МАДАНИЙ ХОРДИҚ


25.09.2019   2582

Андижон шаҳрининг Жомъе майдонида “Либослар инсон маънавиятининг кўзгуси” номли маданий-маърифий кеча ўтказилди.

Президентимиз илгари сурган муҳим беш ташаббус доирасида вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбир ушбу оқшом сайрга чиққан кўплаб андижонликларнинг эътиборини тортди.

Миллий либослардаги, оқпар дўпписи ярашиб турган ўқувчи-ёшлар меҳмонларни майдонга кираверишда кутиб олдилар. Шу ернинг ўзида хаваскор мўйқалам усталарининг кўгазмаси намойиш қилинди.

Кечки салқинда фаввора атрофидаги ўриндиқларда хордиқ чиқараётганлар санъат йўналишидаги тўгараклар аъзоларининг чиқишларини томоша қилдилар.

Гуллар, миллий матолар безатилган бош саҳнада эса бирин-кетин турли куй-қўшиқлар, рақслар, театрлаштирилган кўринишлар муҳлислар эътиборига хавола қилинди. Вилоятдаги 765 та мактабнинг ҳар бирида ташкил этилган каштачилик, дизайн тўгараклари аъзолари ва уларнинг ўқитувчилари томонидан мактаб ва миллий либослар намойиши ўтказилди.

Жамоа бўлиб ижро этилган “Доира” рақси ҳаракатлар уйғунлиги билан ажралиб турган бўлса, мумтоз қўшиқлар нафақат ижроси, балки тикилган либослар жозибаси билан ажралиб турди.

-Шу атрофдаги кўп қаватли уйда яшайман, - дейди Маҳмудахон Шамшиддинова. - Жомъе майдонида ўтказиладиган маданий тадбирларга ёш болаларимиз билан чиқиб, томоша қиламиз. Фарзандларимизнинг дунёқараши кенгайиб, санъат, адабиёт, спорт ва бошқа соҳаларга қизиқиши ортади.