Андижон 24

ҚАЙСИ ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИНИ ТАНЛАЙСИЗ?


28.03.2019   1645

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида таълим ва бандлик йўналишлари бўйича “Таълим ва мутахассислик” ХХ халқаро кўргазмаси ўтказилди. Бу ҳақда “auz.uz” сайтига Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши матбуот хизмати раҳбари Абдужалил Абдураҳимов хабар бермоқда.

Ёшларни мамлакатимиздаги ва дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларидаги касб ва мутахассислик йўналишлари билан таништириш, касб танлашга кўмаклашиш, шунингдек, битирувчиларга бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар бериш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган кўргазмада Хитой, Малайзия, Латвия, Литва, Эстония каби давлатларнинг нуфузли таълим муассасаларининг вакиллари, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллеж битирувчилари иштирок этди.

Кўргазма давомида иштирокчиларга ўқув юртлари ўзларида мавжуд имкониятлар, йўналишлар ҳақида маълумотлар берилди. Ўқув юртларида ишлаб чиқарилган, техник воситалар, ўқув-методологик адабиётлар, мебел-жиҳозлар ва компьютерлаштиришнинг энг охирги ютуқлари билан яқиндан таништирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги марказлар томонидан мусиқий чиқишлар ўтказилиб, ёшларга тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш ва хорижий тилларни ўргатишга қаратилган бепул тўгараклар ва ўқув курсларида таълим олиш тўғрисидаги тақдимотлар намойиш этилди.