Хорижда

Қайсар мушукча эгасини топиб олди


11.01.2018   254

Францияда эгаси тасодифан йўқотиб қўйган мушукча поездда мустақил равишда сайр қилди. France Blue радиостанциясининг хабарига кўра, Сарт коммунаси вокзалидаги йўловчилар жўнашга шайланаётган поезднинг йўлига туриб олган мушукчани кўриб қолишади. Уни қувлаб юборишсада, мушукча поездга яна яқинлашиб келаверди. Шунда поезд назоратчиси бўлмиш Гийом Шуека қайсар мушукчани вокзалдан ташқарига обориб ташламоқчи бўлди.

“Мен мушукни қўлимга олиб, вокзалдан сал нарига – йўлга туташ кичкина дарахтзорга ташладим, - дейди назоратчи. – Жўнар пайтимиз бўлгани учун поездга қайтдим. Мушукча ҳам ортимдан изма-из келгач, поездга чиқиш учун унга тирмалашди. Шундай қилиб уни бирга олиб кетишдан бошқа чорам қолмади. “Чиқақол, миттивой. Манзилга етгач, бирон нима ўйлаб топармиз” деб қўйдим ичимда.

Шуеканинг сўзларига қараганда, “Фундук” лақабли мушукча поездда хотиржам кетган. “У кўрсатилган жойда жим ўтириб кетди, гоҳида менга қараб-қараб қўярди, баъзида миёвлади ва у ҳеч нимадан чўчимасди”.

Назоратчи ўзининг Twitterига машинист кабинасидаги ўриндиқда ўтирган мушукчанинг суратини жойлаштиргач, қуйидагиларни ёзди: “Вуавр вокзалида эрталаб манави йўловчи поездимизга чиқди. Мазкур мушукча машинист ёнида туриб, стажировкадан ўтди ва у ўзи тегишли бўлган оилани топса, қувонган бўларди”.

Радиостанциянинг хабарига кўра, Ман вокзалида мушукчани Франциянинг SNCF миллий темирйўл компанияси ходимларига топширишади. Бу ерда уни роса эркалатишди, қорнини тўйдиришди ва у чинакам маликага айланди”, - деди мазкур компания ходимларидан бири.

Бу кезда “Фундук”нинг эгалари ижтимоий тармоқлар орқали қидиришаётганди.

“Twitter ҳамжамияти ажойиб тарзда ишлади, - дея давом этди Шуека.- Тармоқ фойдаланувчиларидан бири менинг хабаримни ҳамда ушбу мушукчанинг қидирилаётгани ҳақида Facebookка бундан икки кун аввал қўйилган эълонни ёнма-ён жойлаштириб қўйди. Эълон орқали “Фундук”нинг эгасига телефон қилдим ва вокзал ходимлари билан боғланишига кўмаклашдим. Шу куниёқ эгаси ўз мушукчасини олиб кетишга келди”.