Андижон 24

«КАТЮША» ҚАҲРАМОНЛАРНИ ДАВРАГА ЧОРЛАДИ (+видео)


30.04.2018   1411

1942 йилнинг ёз ойлари, Карпат тоғи. 5 нафар совет аскари қуролдошларига озиқ-овқат келтириш учун йўлга чиққан. Баландликлар оша кетаётган аскарлардан бири икки кишининг қуролсиз олишувга кирганлигига кўзи тушиб қолди. Жангчиларнинг бири бош кийимсиз, сочи сариқ. Иккинчининг бошида каскаси бор. Аскар яқинроқ бориб қараса, униси немис аскари экан. Тезда унинг бошига милтиғининг қўндоғи билан зарба берди. Фашист ерга қулади. Жалақудуқ туманининг Ёрқишлоқ маҳалласида яшовчи Исмоил Кўчканбоев жанг майдонида қулатган немис аскарларининг саноғига етолмайди. Сабабипулемётчи, қуролининг ҳар бир ўқдонида 250 донадан патрон бўлган.

У урушдан сўнг кўксида медаллар билан жонажон қишлоғига қайтиб, жамоа хўжалигида нафақа чиққунга қадар инженер бўлиб ишлади.

- Мен энг бой инсонман, - дейди,қаҳрамонимиз. - Сабаби шундай тинч юртда, 10 нафар ўғил-қиз, 150 невара ва чевараларим даврасида эл-юрт ардоғидаман.

Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда 9-май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган тадбирга Исмоил ота каби 11 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси таклиф этилди. Уларни вилоят ҳокими қутлаб, соғлиқ-омонлик тилади. Уруш қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз совғаси олтин соатни тақиб, 5 миллион сўмдан пул мукофотини тантанали топширди.

-Ўтган йили Ҳаж сафарида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг кўпчилиги билан ҳамроҳ бўлдик, - дейди “Мирпўстин ота” жомъе масжиди имом хатиби Ботирхон Фахриддинов.- Бугун ўша улуғларимизнинг кўпчилиги орамизда йўқ. Уларнинг оҳирати обод бўлсин.

Тадбир давомида ҳарбий қисмнинг оркестр жамоаси уруш йилларида акарлар кийган ҳарбий либосларда “Катюша” қўшиғини айтиб, қаҳрамонларни рақсга чорлади. Отахонлар эътибордан мамнун бўлиб, юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин, дея такрор-такрор дуо қилдилар.

Жаҳонгир СОДИҚЖОНОВ.

Муаллиф олган суратлар.