Спорт

Катта теннис: Андижонда халқаро ёшлар турнири


14.07.2017   1533

Эртага, шанба куни Андижон теннис спорт мактаби кортларида ITF йўналишидаги «Andijan Championship Grade-5» халқаро турнири бошланади. Унда Қозоғистон, Россия Федерацияси, Ҳиндистон, АҚШ, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон республикаларидан18 ёшгача бўлган йигит ва қизлар ўзаро куч синашадилар.

Такси автомобилидан тушиб теннис мактаби дарвозасидан кириб келаётган бир гуруҳ йигитлар ўзларини Қозоғистондан келганликларини айтишди. Уларнинг мураббийи Андрей Хлебниковнинг таъкидлашича мазкур турнир ёш спортчилар учун катта аҳамият касб этади, «Фьючерс», «Челенжер»га чиқиш зинаси ҳисобланади. Бу гапни унинг шогирдлари Қозоғистон терма жамоасининг аъзолари Родион Пак ва Ростислав Галфингер ҳам маъқулладилар.

Ўзбекистон Миллий банки ҳузуридаги «Ёшлик» спорт комплекси етакчи мутахассиси Фарҳод Fуломов биз билан суҳбатда шундай деди:

– Комплексимиз футбол, сузиш, волейбол, боскетбол, гимнастика, каратэ каби спорт турларига мўлжалланган бўлиб, халқаро андозаларга тўла жавоб беради. Бу ерда шуғулланганлар орасида жаҳонга машҳур юлдузлар бор. Ўзбек теннисининг фахри Ирода Тўлаганова, Денис Истоминлар ана шулар жумласидандир.

Андижондаги турнирга умидли шогирдим Хартави ўғли Ахмад ва ўғлим Исфандиёр билан келдик, – деди у. – Исфандиёр ўтган йили АҚШда ўтказилган халқаро турнир ғолиби.

– Омадим чопиб, турнирда ғолиб чиқсам, Андижон ҳаётимда дастлаб эришган катта ютуғим сифатида хотирамда қолади, – дейди АҚШ вакили Эндрю Переверзев.

Саралаш беллашувларида бир қатор андижонлик ёшлар ҳам иштирок этадилар. Энг кучли теннисчиларимиз Тошкентда якунланаётган Осиё чемпионатида иштирок этишмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, улардан Самандар Абдумаликов яккалик баҳсларда олтин медални қўлга киритган, жуфтликда ҳам Аббос Содиқов билан ғолиб чиққан. Муштарий Ахророва эса Садбарой Холдорова билан жуфтликда совриндор бўлганлар. Теннисчиларимизнинг Андижондаги халқаро турнирда иштирок этиш учун етиб келдишлари кўтилмоқда.

Турнир 22 июлгача давом этади. Сўнгра у Тошкентга кўчади. Августда эса Фарғона ва Бишкекда ўтказилади.

З. СиддиҚов.

А. Қодиров олган сурат.