ЖАМИЯТ

Қатра: Қувонч


04.04.2018   1813

Эркинжонда яхши томонга ўзгариш бўла бошлади. Ота-она бундан қувонди.

- Дадаси, сездингизми, ўғлингиз Эркинжонда ўзгариш...

- Ҳа, сездим, онаси. Анча қайсарлигини ташлабди. Авваллари иш буюрсанг «хўп» дейиши қийин эди. Энди бўлса, ҳар куни эрталаб саломлашади, ҳол сўрайди...

- Шукрки, кўнглим қувончга тўлмоқда. Эрка ва ёлғиз ўғиллиги учун қўрқиб юрардим, - севинди она.

- Мен суриштирдим. Эркинжоннинг иш жойи ва бирга ишлаётган одамлар билан танишдим. Уларга ҳавасим келди. Ана одобу, ана муомила. Корхона бошлиғи билан суҳбатлашдим. Мени қадрдонлардай кутиб олди. Раҳбар шу қадар камтар, раҳбарлигини сезмайсиз. Атрофларга назар ташладим. Тоза, сарамжон. Ҳар қандай одамнинг ҳам ҳаваси келади.

Билдимки, кўп нарса корхона раҳбарига боғлиқ экан.

Боламизнинг ўзгариш сабаблари ҳам ана шундан.

Алқисса:

Ёмонлар оламни бузар,

Яхшилар оламни тузар.

Комилжон Ҳакимов.