ЖАМИЯТ

ҚАТАР COVID-19’ГА ҚАРШИ КУРАШ УЧУН ЎЗБЕКИСТОНГА 200 МИНГ ДОЛЛАР МИҚДОРИДА БЕҒАРАЗ МОЛИЯВИЙ ЁРДАМ АЖРАТДИ


23.08.2020   2231

Қатар ҳукумати Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қатар хайрия ташкилоти орқали Ўзбекистонга 200 минг доллар миқдорида беғараз молиявий ёрдам ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Республика махсус комиссиясининг 20 августдаги қарорига биноан, ушбу маблағлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистондаги филиали ҳисоб рақамига ўтказилди. Филиал ушбу маблағларни Қорақалпоғистон аҳолиси соғлиғини сақлаш, ҳимоя қилиш учун коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш бўйича фавқулодда чораларни қўллаб-қувватлаш доирасида зарур ҳимоя воситалари ва тиббий жиҳозларни сотиб олишда фойдаланишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг май ойида Қатарнинг «Жасим ва Ҳамад бин Жасим хайрия жамғармаси» COVID-19’га қарши кураш чораларини қўллаб-қувватлаш мақсадида беғараз молиявий ёрдам тариқасида 200 минг доллар миқдоридаги маблағни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказиб берган эди.

Қатарнинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад ал-Хажрнинг қайд этишича, ушбу маблағлар «дўст Ўзбекистонга мамлакат раҳбариятининг аҳолини пандемия хавфидан ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш доирасида тақдим этилади. «Бу Қатар ва Ўзбекистон ушбу мушкул даврда бир-бирини қўллаб-қувватлашга интилишларининг яна бир тасдиғидир», — деган элчи.

Манба: daryo.uz