Жамият

Касб-ҳунар коллежлари фаолиятидаги ўзгаришлар кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилади


12.12.2017   233

Мамлакатимизда ўн бир йиллик таълимга ўтилиши муносабати билан ўрта махсус, касб-ҳунар муассасалари фаолиятида ҳам катта ўзгаришлар кўзда тутиляпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2017 йил 6 октябрда ўтказилган мажлисда ҳам шу ҳақда сўз юритилган эди. Унда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб берилди.

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатбек Бузруков билан суҳбатимизда шу масала хусусида гап борди.

– 11 йиллик мажбурий ўрта таълимни жорий этиш ва касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар кўлами анча кенг. 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, умумий ўрта таълим мактабларининг барча 9-синф битирувчиларини 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш, касб-ҳунар коллежларига ўқувчиларни қабул қилишни 11-синф битирувчиларининг хоҳишларига кўра амалга ошириш, бунда уларга касб-ҳунар эгаллаш ёки олий ўқув юртида ўқишни давом эттиришни ихтиёрий ва мустақил танлаш имкониятини бериш шулар жумласидандир.

Юртбошимиз айни масалалар қаторида касб-ҳунар коллежларини оптимизация қилишга алоҳида урғу берган ва уч йиллик дастур ишлаб чиқиш таклифини киритган эди. Бу борада вилоятимизда қандай ишлар амалга ошириляпти?

– Ушбу вазифани рўёбга чиқариш юзасидан 2018-2021 йиллар мобайнида коллежларни мақбуллаштириш чора-тадбирлари белгилаб олинди. Ўрганиш натижаларига кўра, соҳалар ва касблар кесимида ҳамда меҳнат бозоридаги талаб таҳлил қилиниб, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар буюртмалари ҳамда шаҳар-туман ҳокимликлари розилик хатлари асосида ўз таклифларимизни тайёрладик. Натижада, вилоятимиздаги мавжуд 119 та касб-ҳунар коллежидан 42 тасини республика вазирлик ва идораларига бириктириш орқали буюртмачи маблағлари ва тўлов-шартнома шаклида мақсадли кадрлар тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Маълумки, 2017-2021 йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида Андижонда қиймати 53 триллион 707 миллиард сўм бўлган 12 минг 526 та лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Бу, 80 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади, деганидир. Демак, бунда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича мақсадли равишда кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратиш лозим бўлади. Шу нуқтаи назардан таълим муассасаларидаги касб-ҳунар йўналишларига ўзгаришлар киритилиши ва янгилари ташкил этилиши табиий. Бу борадаги ишлар вилоят ташкилот ва корхоналари билан ҳамкорликда бажарилади. Мазкур дастурлар талабларини инобатга олган ҳолда, бу бўйича ҳам таклифлар тайёрланди ва Касб-ҳунар таълими марказига тақдим этилди.

Тугатиладиган касб-ҳунар коллежлари бино ва иншоотлари қай тарзда тасарруф этилади?

– Тайёрланган таклифлар ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги "Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, бўшаган бино ва иншоотларда 70 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари жойлаштирилади. Бу, қарорда таъкидланганидек, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчилари таълим олишлари билан биргаликда уларга касб-ҳунар ўргатиш, уларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда келажакда таълимни давом эттиришлари ёки эгаллаган касблари бў-йича меҳнат фаолияти билан шуғулланишларига шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Шунингдек, Андижон санъат ва олимпия захиралари спорт коллежлари ўз соҳалари бўйича кадрлар тайёрловчи ихтисослаштирилган мактаб-интернатларга айлантирилади. Иккита муассаса биноси умумтаълим мактабига, 16 таси Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тасарруфига ўтказилади.

Фурқатбек Ғуломович, энди, айтинг-чи, тугатилаётган таълим муассасалари ўқитувчилари, таълим усталари нима қилишади? Улар ишсиз қолишмайдими?

– Йўқ, ишсиз қолишмайди. Касб-ҳунар коллежларидан ўқув йиллари бўйича қисқарадиган ўқитувчилар ва таълим усталарини тўлиқ иш билан таъминлаш бўйича таклифлар тайёрланган. Шунга кўра, муаллимлар мактабларда 10-11-синфларга умумтаълим фанларидан дарс беришга жалб этилади. Таълим усталари эса янги ташкил қилинаётган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўз йўналишлари бўйича ўқувчиларга тегишли касблар бўйича таълим берадилар.

Сиз айтган таклифлар, амалга оширилажак чора-тадбирлар режаси кўздан кечирилса, айрим туманларда бор-йўғи бир ё иккитадан коллеж фаолиятини давом эттирар экан. Бу, 9-синф битирувчиларини ўз уйидан олисга бориб, бирор касб-ҳунарни эгаллашга мажбур қилмайдими?

– Ҳозирги кунда таълим муассасаларимизда баъзи йўналишлар бўйича бир нечтадан гуруҳларда 100-150 нафаргача ўқувчи таълим олади. Бу, уларни ишга жойлаштиришда қатор муаммолар келтириб чиқараётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Энди эса янги тайёрланаётган таклифларга асосан, ўз фаолиятини давом эттираётган коллежлар кўп тармоқли ёки универсал таълим муассасаларига айлантирилади. Шу тариқа, ҳар бир касб-ҳунар бўйича биттадан гуруҳни шакллантириш ва кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш шароити юзага келади. Демак, қайсидир тумандаги ўқувчи учун ўзи танлаган йўналишда таҳсил олишда қийинчилик туғилмайди. Қолаверса, коллежларни ҳудуддаги ташкилот ва корхоналарга мақсадли бириктирилиши битирувчиларни муқим иш билан таъминлаш имкониятларини янада кенгайтиради.

– Суҳбатингиз учун ташаккур! Кейинги фаолиятингизда муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз.

Н. ЭРГАШЕВ

суҳбатлашди.