Андижон 24

КАСАБА УЮШМАЛАРИ ТАРИХИДА ЯНГИ ДАВР БОШЛАНДИ


11.11.2020   7051

Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг VIII қурултойи бўлиб ўтди. Беш йиллик фаолият сарҳисоби ҳамда келгуси режалар муҳокамасига бағишланган нуфузли анжуманда Андижондан ҳам 28 нафар делегат, жумладан, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси студиясида онлайн тарзда иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов қурултой иштирокчиларига Президент Шавкат Мирзиёевнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг кун тартибидан ўрин олган масалалар муҳокамасига киришилди.

Федерация раиси Қудратилла Рафиқовнинг 2016-2020 йиллардаги фаолият ҳамда миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифаларига бағишланган маърузасида меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш, ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамкорлигида аҳолининг турли қатламлари ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида эришилган натижалар таҳлил қилинди.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси раҳбарлари Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси фаолиятига ижобий баҳо бердилар.

  • Аслида, жамиятнинг ҳар бир аъзоси касаба уюшмалари вакили ҳисобланади, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси касаба уюшма қўмитаси раиси Азимжон Йўлчиев. – Ўқитувчидан шифокоргача, деҳқондан такси ҳайдовчисигача - ҳеч бир соҳа вакили йўқки, бизнинг соҳага дахлдор эмас, десак. Шунинг учун ҳам бугун қурултойда муҳокама қилинган масалалар, делегатлар томонидан билдирилган муҳим таклифлар жамиятнинг барча аъзолари, умуман, халқимиз тақдирида муҳим бурилиш ясайди, деб баралла айтишимиз мумкин.

Қурултойда Қудратилла Рафиқов Федерация кенгаши раиси сифатида сайланди.

«auz.uz» online гуруҳи.