ЖАМИЯТ

КАРВОННИНГ САРБОНИ ФИДОЙИ БЎЛСА...


19.09.2020   649

Мен Булоқбоши фарзандиман. Аммо тақдир чархпалаги илдизимни Булоқбошида қолдириб, ўзимни Бўстон туманига муҳрлади. Касбим – ўқитувчи. Касбим билан фахрланаман. Фарғона давлат педагогика институтини имтиёзли тамомлаганман.

Аслида ўзим ҳақимда гапирмоқчи эмасман. Бугун ижтимоий, иқтисодий, сиёсий жабҳаларда Андижон вилоятида олиб борилаётган ишлардан кўнглим тоғлигини қайд этмоқчиман. Вилоятнинг айни дамдаги ободлиги, кўркамлиги сарбоннинг одиллиги боисидир. Бўстондан Булоқбоши томон йўл олсам, кўчалар кенглиги, ёруғлигидан илҳом оламан. Янги бозор ҳудудида қад ростлаган 7 қаватли уйлрни кўриб, кўнглим алланечук ифтихорга тўлади. Андижон – Булоқбоши йўналишдаги машинада кетаётиб, атрофни ҳар гал қизиқиш билан томоша қиламану, ҳар гал янги қирраларни топаман ҳайратларим учун. Боғишамолнинг кўркам манзараси, янги барпо бўлган ҳайвонот боғи унча-мунча хориждан қолишмайдигандай тасаввур уйғотади.

Хўжаобод ҳудудидаги замонавий турар жойлар – котежлар нигоҳларни қувнатади. Қулай шарт-шароитларни айтмайсизми?

Аввало, ҳар соҳа тараққиёти учун жон куйдираётган фидойи вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга ташаккур, етти ёшдан етмиш ёшгача фуқаросининг фикрларини диққат билан тинглашнинг ўзи бўладими? Катта сабр, мустаҳкам ирода билан меҳнат қилаётган вилоят отасининг фаолияти улкан тажриба мактабидир аслида.

Мана, кузнинг айни йиғим-терим палласига етиб келдик. Далалардаги оқ олтин ҳосили дилни яшнатади. Ўтган йилга назар ташлайлик. Сарбонимиз ташаббуси билан дала меҳнаткашларига қилинган эътибор ёдингизда бўлса керак? Мана, чинакам меҳнатнинг қадрига етиш...

Бундай рағбатлар, аҳолига ғамхўрлик бизга ҳақиқий меҳрни, юрт ишқини, Ватан ҳиссини, тараққиётни қандай юксакка олиб чиқишни ўргатади.

Турдихон ҚОРАБОЛАЕВА,

Бўстон тиббиёт техникуми ўқитувчиси,

меҳнат фахрийси,

O’zLiDeP фаоли