Андижон 24

ҚАРС ИККИ ҚЎЛДАН ЧИҚАДИ ЁКИ МУАММОНИНГ ЕЧИМИ ФУҚАРОЛАРГА ҲАМ БОҒЛИҚ


23.04.2019   7427

Кейинги вақтда халқ билан мулоқотнинг замонавий ва таъсирчан усули йўлга қўйилгани инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ижобий самара бермоқда. Бу, ўз навбатида, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимига ҳам йўл очмоқда.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан жойларда ташкил этилаётган сайёр қабулларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари томонидан аҳолини қийнаётган масалалар тингланиб, муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Жумладан, 2019 йил 22 апрель куни Андижон туманида ўтказилган учрашувда вилоят раҳбарига мавжуд муаммолар юзасидан қилинган мурожаатлар назоратга олинди. Хўш, уларнинг ижроси қандай бормоқда?

Жевачи маҳалласидаги 523 та хонадоннинг 240 тасида яшовчиларни ичимлик сув таъминоти қийнаб келмоқда. Уларнинг бу борадаги мурожаати ўринли деб топилди. Шу куннинг ўзида 250 метр масофада янги тармоқ тортишга киришилди. Тез кунда қўшни кўчалардан оби ҳаёт ташишга хожат қолмайди.


-Очиғи, вилоятимиз ҳокими томонидан амалга оширилаётган ишларни кўриб, ҳавасимиз келарди,-дейди меҳнат фахрийси Ғолибжон Қосимов.- Бугун биз ҳам эътибордан мамнунмиз. Бир неча йилдан буён ичимлик сув масаласида қийналардик. Энди Хонобод тармоғига уланиш ҳисобига хонадонимиздан сув узилмайди.

Зангибобо МФЙ, Мевазор кўчасида ҳам 800 метр масофада янги сув тармоғи тортишга киришилди. Бундан маҳалла аҳли хурсанд.

Шу жойда қуйидаги рақамларга эътибор қаратайлик. Туман бўйича аҳоли бир кунда 498.300 куб.мсув истеъмол қилади. Бироқ, тўловга келганда, истеъмолчилар бурчини унутаётган кўринади. Буни биринчи чоракда 590 миллион сўм қарздорлик шакллангани ҳам кўрсатиб турибди.

Оқёр қишлоғи, Юксалиш МФЙдаги 1100 оиланинг кунлик ташвиши электр энергиясининг носозлиги. Бир кун ёнган чироқ эртасига яна ўчади. Фуқаролар талаб қилишдан, мутахассислар таъмирлашдан чарчади. Бироқ муаммонинг қачон ечилишини хеч ким билмайди.

-Хозирда фойдаланилаётган 160 кВАли трансформатор пунктининг қувватини ошириш зарур,-дейди МФЙ раиси Шаҳнозахон Мамажонова.- Куйганёр электр тармоқлари корхонаси раҳбарлари 2017 йилда дастурга киритилганини айтишганди. Орадан икки йил ўтса-да. ўзгариш йўқ...

Ҳар тугул вилоят ҳокимининг аралашуви ўзгаришга сабаб бўлгандир, дея Юксалишга бордик. Бироқ соҳа раҳбарлари масалага нимагадир панжа орасидан қарамоқда. Фуқароларнинг эса норозилиги кучаймоқда.

Бобоғози МФЙда яшовчилар маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи 1500 метр масофадаги ариқни чопиш, 400 метр масофадаги кўчани асфальтлаш ва шунча масофада электр тармоғини янгилаш таклифи билан чиққандилар. Шу куннинг ўзида йўлсозлар томонидан иш бошланди. Ариқни чопишга эса хонадон эгаларининг ноқонуний равишдаикки қирғоғини ўраб олишгани ва дарахтлар экилгани тўсқинлик қиляпти. Бу борада МФЙ раиси Сирожиддин Қўчқоров бир неча бор огоҳлантирганмиз,дейишдан нарига ўтмади. Одинахон Насирдинова, Яҳёбек Асқаров каби фуқаролар ҳимоя ҳудудини ҳам ўз томорқаси, деб билаётганига нима дейсиз? Муаммони кўтаришдан аввал ўз бурчимиз хақида ҳам ўйлаб кўрсак ёмон бўлмайди.

Мустақиллик МФЙ, Зарбдор кўчасидаги хонадонлар сони кўпайиб боряпти.Аҳоли ўз кучи билан электр тармоғи тортган. Бироқ талаб даражасида эмас. Қўлбола ёғоч устунлар кўнгилсизликларга сабаб бўлмаслигига ким кафолат беради?

-Вилоят ҳокимига шу масалада мурожаат қилдик,-дейди МФЙ раиси Ғуломиддин Мирзаев.-1 та трансформатор пункти ҳам зарур. Электр корхонаси ходимлари келиб ўрганиб кетишди. Иш бошланишини кутяпмиз...

МФЙ раиснинг гапларини фуқаролар ҳам тасдиқлайди. Шамол кўтарилди, дегунча электр симлари омонат тортилгани сабаб ҳадикда туришларини билдирдилар.

Ана, холос! Наҳот соҳа раҳбарлари бу борада бош қотирмасалар?

Акбаржон Назаров.

Азаматжон Тошматов олган суратлар.