Андижон 24

КАРНАЙЧИДАН НИМА КЕТДИ? – БИР ПУФ!


13.07.2018   2354

Тасаввур қилинг – тўйдасиз. Карнайчининг нағмасига қулоқ тутяпсиз. Гоҳ чап томонга, гоҳ ўнгга, яна тўғрига, кейин орқага қараб “ғат-ғут, ғата-ғут” деб ҳамманинг эътиборини қаратишга интилаверади. Отасига раҳмат, ўз ишининг устаси экан-да, дейсиз. Беш дақиқа, боринг, ўн дақиқа ўтгач, “ғат-ғут” асаб торларингизни таранглаштиради.

“Озодлик” интернет сайтида тарқалаётган айрим иддаоларни ана ўша “ғат-ғут”га ўхшатиш мумкин. Асака шаҳрида 20 кундан буён кеч соат 18:00 дан 00:00 гача “Beeline” умуман ишламаяпти. Яна бир хабарда Хўжаободдаги мактабгача таълим муассасаси мудираси ходимларни ишлагани олиб чиққан экан, адлия ва меҳнат бошқармаларидан уларни чақириб, тушунтириш хати олишяпти. Учинчи хабарда эса Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги мактабда бир неча ўқитувчининг муомаласи ёмон.

Мана, эшитдингиз, шу гап-сўзлар интернет тармоғида карнайчининг “ғат-ғут”ига ўхшатиб овоза қилиняпти. Хўп, Асакада “Beeline” маълум пайтда ишламаётган экан, сабабини ўрганиб, ким айбдор эканлигини аниқлаб, ана ундан кейин оммага ҳавола қилиш керак эмасми?

Хўжаободда қайси мактабгача таълим муассасаси, унинг директори ким, ходимларни қачон ва қайси ишга олиб чиққан – бу ҳақда ҳеч бир далил йўқ, қуруқ ваҳима.

Муҳаммад Юсуф номидаги мактабда қайси ўқитувчиларнинг муомаласи ёмон, уларнинг исми шарифи борми?

Хуллас, карнайнинг оғзини осмонга қаратиб, у ёққа муқом, бу ёққа муқом тарзида қулоқни батанг қилаверишнинг нима кераги бор, “Озодлик”нинг жаноб нағмачилари? Карнайчидан нима кетди? – Бир пуф, деганлари шуми?

Иззат ОТАЖОН.