ЖАМИЯТ

КАРАНТИНДАН ЧИҚИШ ҚАНЧАЛИК ҚИЙИН


15.05.2020   651

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати маълумотига кўра, 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси Германиянинг Роберт Кох номидаги институти билан эпидемия билан боғлиқ долзарб масалалар, жумладан карантиндан чиқиш бўйича стратегияларни муҳокама қилди.

50 га яқин мутахассислар видеоконференция қатнашчиларига айланишди. Германия Федератив Республикасида пандемия кунларида COVID-19 га тааллуқли тавсияларни жаҳонда кенг машҳурликка эга бўлган Роберт Кох номидаги Германия Федерал илмий-тадқиқот институти (RKI) тақдим этади. Мустақил равишда қарор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди уларга таяниб, жойларда вазиятни таҳлил қилади ва карантин чекловларини киритади.

Миллий палата раиси Ровшан Изамов таъкидлашича, Ўзбекистон ва Германия COVID-19 пандемиясига қарши курашишдан нафақат тиббий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам катта тажриба олдилар. Бу ўз вақтида карантин чораларини қўллаш ва аҳолининг онгли хатти-ҳаракати пандемия оқибатларини сезиларли даражада енгиллаштириши ва йўқотишларни минималлаштиришини тушуниб етишга имкон берди.

Иштирокчилар карантин чекловларини юмшатиш бўйича Р. Кох Институти тавсиялари билан қизиқдилар. Институтнинг Халқаро соғлиқни сақлаш маркази (ZIG) бошлиғининг ўринбосари Андреас Янсен (Andreas Jansen) таъкидлашича, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, карантиндан чиқиш унга киришдан ҳам машаққатлироқ. Айни пайтда Германияда COVID-19 пандемиясининг биринчи тўлқини ниҳоясига етмоқда ва қатъий карантин чораларини босқичма-бочқич юмшатиш ишлари олиб борилмоқда.

“Пандемия қачон тугаши ҳаммани қизиқтирмоқда, лекин бунга ҳаммада ҳар хил жавоб. Бу мураккаб савол. Ҳозир нафақат инфекция чақноғи, балки “экспертлар чақноғи” ҳамдир. Биз фақат маълумотларга таянишимиз лозим”, – деди А. Янсен.

Унинг таъкидлашича, COVID-19 касаллиги тарқалишидан келиб чиқиб жойларни турли даражадаги ҳудудларга бўлиш билан Ўзбекистон жуда тўғри стратегияни танлади.

“Мамлакатни ҳудудларга бўлиб, сиз асосий ишни бажардингиз. Ва уларга ўзига хос тарзда – тарқалиш даражасидан келиб чиққан ҳолда муносабатда бўлиш лозим. Ҳудудлар учун аниқ индикаторлар бўлиши лозим. Сариқ ва яшил ҳудудларда аниқлаб бўлинган беморлар, шунингдек мулоқотда бўлганларнинг текширилиши ўта муҳим. Қизил ҳудудларда карантин чекловларини кучайтириш бўйича чоралар зарур бўлади. Ҳудудларга бўлиш бўйича Европа давлатларида биз ҳам тажрибалар ўтказмоқдамиз, лекин бу Хитойда ҳам қўлланган чора эди. Хубэй провинциясида карантиннинг энг қатъий чоралари қўлланилганди”,- дейди Андреас Янсен.

Германиялик мутахассислар мамлакатда COVID-19 дан нисбатан паст ўлим кўрсаткичлари сабабини тушунтирдилар. Хусусан, оммавий тестдан ўтказиш катта таъсир кўрсатади. ГФР да хафтасига 400 мингга яқин COVID-19 га текширув ўтказилмоқда. Бундан кўпроқ қилиш имкони ҳам бор, баъзи ҳолларда бу кўрсаткич хафтасига 800 мингтага ҳам борди. Лекин бугунги кунда Кох номидаги Инстутда 400 минг тест ўтказиш етарли деб ҳисоблашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ГФР аҳолиси 81,4 млн. одамдан кўпроқ. Тест ўтказишнинг бу даражаси беморларни касаллик ҳали енгил кечаётган даврида – яъни шифохонага ётқизиш эҳтиёжи туғилмасидан аввал аниқлаш имконини беради.

Германиялик экспертлар таъкидлашича, бунда энг муҳим кўрсаткичлардан бири тестларнинг “ижобий” кўрсаткичи, яъни тасдиқланган касалликлар фоизидир. ЖССТ маълумотларига кўра, нормал кўрсаткич – тест ўтказилганларнинг умумий сонидан 3 дан 12% гача “ижобий” натижадир. Агар кўрсаткич 20% гача етса, бу етарли даражада тест ўтказилмаётганини билдиради. ГФР да бу кўрсаткич 4-5% ташкил қилади. Корея Республикаси каби пандемия билан муваффақиятли курашаётган давлатларда бу кўрсаткич яна ҳам пастроқ.

Фикр алмашишни давом эттиришга бўлган катта қизиқишни ҳисобга олган ҳолда, томонлар германиялик мутахассислари конференция давомида кўтарилган барча саволларга ёзма равишда жавоб беришига келишиб олдилар. Шунингдек, ушбу видеоконференция орқали Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси ва Роберт Кох номидаги Германия Федерал илмий-тадқиқот институти ўртасида муваффақиятли бошланган ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилади.

М. ТЎХТАНАЗАРОВ.