ЖАМИЯТ

КАРАНТИНДА ЎҚУВЧИЛАР БЕКОР ҚОЛИШМАЯПТИ


03.04.2020   2554

Жорий йилнинг 16 мартидан эътиборан вилоятимиздаги умумтаълим мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари муддатидан олдин таътилга чиқарилди. Хўш, ўқувчилар уйларида нима билан банд бўлишмоқда?

Президентимиз томонидан ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида илгари сурилган муҳим ташаббус доирасида “ 5 та ташаббус хонадонимда” лойиҳаси кенг тарғиб этилиб, ўқувчиларнинг санъат, китобхонлик, спорт ва бошқа йўналишлар бўйича оила аъзолари даврасида бандлиги таъминланмоқда.

Бундан ташқари, “Мен коронавирусга қарши курашаман” иншолар танлови, “Биз соғлом ҳаёт тарзи тарафдоримиз”, “Мен чизган энг яхши расм”, “Менинг янги электрон лойиҳам”, “Моҳир қўллар” кўрик-танловлари ўтказилмоқда. Танлов иштирокчилари ўзларининг ижодий ишларини ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб боришяпти. Уларнинг орасидан ғолибларни аниқлаш овоз йиғиш йўли билан ўтказилмоқда.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов ташаббуси билан жорий этилган “Меҳрли қўллар” акцияси ҳам яхши таассуротлар берди. Акция давомида кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳолидан хабар олинди. Уларга саломатлигини таъминловчи тиббий ниқоблар ва бадиий адабиётлар совға қилинди. Сўнгра ушбу ташаббус барча туман ва шаҳарларга кенг ёйилиб, халқ таълими бўлими мудирлари томонидан давом эттирилди. Акция доирасида 100 дан ортиқ хонадонга шодлик улашилди.

-Биз барча оила аъзоларимиз номидан халқ таълими бошқармаси мутасаддиларига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, - дейди Хосиятхон ая Асқарова. - Бундай қийин кунларда бизни ўйлаб, ҳолимиздан хабар олгани келишган экан, бундан бағоят хурсандмиз. Бугун набирамнинг китоб жавонига яна янги китоблар қўшилди. Энди уларни набирам билан биргалашиб ўқиймиз.

Халқимиз синовли кунларни бошдан кечираётган бир пайтда бу каби ишлар инсон руҳиятини кўтаради, ҳаётга қизиқишини уйғотади, албатта. Яхши одамлар бор экан дея, Яратганга шукроналар келтиради. Қилинган бу амаллар олқишлар учун эмас, балки миллатпарварлик туйғулари сабаблидир.

Зайнобиддин ҚОДИРОВ,

бошқарма матбуот хизмати ходими.