Андижон 24

КАРАНТИНДА «ЭПЛАБ КЎЧАДА ЮРГАН»ЛАР 15 КУНГА ҚАМАЛДИ


07.04.2020   1488

архив фото

Ижтимоий тармоқларда карантин талабларини бузиш ҳолатлари акс этган видеолар тарқалди. Ушбу видеолар муаллифлари Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан аниқланиб, ушланди.

Бугун Юнусобод туман маъмурий судида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) ҳамда 183-моддаси (майда безорилик) да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳаракатлари бўйича К. Мажидова (1998 йилда Тошкент шаҳрида туғилган), У. Ҳамидов (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) ва О. Разыков (1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган) га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди.

Аниқланишича, юқоридаги фуқаролар 2020 йил 1 апрель куни соат тахминан 18:00 ларда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Амир Темур кўчасидаги Амир Темур ҳиёбонида мамлакатимизда ўрнатилган карантин талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш қоидаларни бузишган. Шунингдек, хавфсизлик ниқобини тақмаган ҳолда Амир Темур ҳайкали меъморий ёдгорлиги олдида коронавирус эпидемияси Ўзбекистондан қачон кетиши ҳақида сўраб, Амир Темур шахсига ҳурматсизлик қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатларини видеотасвирга тушириб, олинган видеолавҳани 2020 йил 6 апрель куни Интернетдаги ижтимоий тармоқга жойлаштиришган.

Суд К. Мажидова, У. Ҳамидов ва О. Разыковнинг айби, улар берган кўрсатмаларидан ташқари билдирги, иш бўйича олинган тушунтириш хатлари, маъмурий баённомалар ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган деб ҳисоблади.

Юнусобод туман маъмурий судининг 2020 йил 7 апрелдаги қарорига кўра, К. Мажидова, У. Ҳамидов ва О. Разыков Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54, 183 моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида узил-кесил 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Манба: xs.uz