Андижон 24

Карантин: ТАРТИБДАН «ТАШҚАРИДАГИ» ОЛТИНКЎЛЛИК ТИББИЁТЧИЛАР (+ФОТО, +ВИДЕО)


11.08.2020   25256

Олти ойдан буён давом этаётган коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида ўрнатилган тартибга жойларда қай даражада амал қилинмоқда? ”Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”гиВазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги қарори талабларига барча бирдек амал қиляптими? Афсуски,жойларда бу борада етарли иш ташкил қилинмаётгани касалликнинг кўпайишига йўл очмоқда.

Олтинкўл тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходимлари айни шундай йўл тутмоқда. Гўёки улар карантин муносабати билан ўрнатилган тартибларни унутган кўринади. Муассаса раҳбарлари биринчи навбатда 280 нафардан зиёд ишловчиларнинг саломатлигини ҳимоялаши, оғир вазиятда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур. Шундагина улардан сифатли тиббий хизмат кўрсатишни талаб қилиш ўринли. Албатта. бу оқлов ўрнида соҳа ходимларининг билдирган фикри.

Поликлиника ва марказий шифохонага кириш эшигида дезинфекцион тўшама мавжуд эмас, ходимлар ва ташқаридан келувчилар рўйхати махсус журналда қайд этилмаяпти. Айримлар ҳатто тиббий ниқобсиз ҳаракаланмоқда.

-Мен таъминотчи эмасман,-дейди поликлиника мудири Муроджон Мамадалиев.- Ходимларга тўла қўлқоп, антисептик воситалар етказиб бериш қийин масала. Бизгабундай буюмларни бериш чегараланган...

Ижтимоий масофани сақлаш касалликни олдини олишнинг асосий омилларидан бири.Бироқ таҳлилхона ходимларининг бунга зид ҳолдаги фаолиятини қандай изоҳлашга хайронсиз. Ҳатто, тиббий қўлқоп тақиш ҳам уларга оғирлик қилмоқда чоғи.

Тиббиёт ходимларининг карантин қоидаларига амал қилмасликларига сабаб нима? Чиндан ҳам улар айтганидек, бунга шаройит йўқми? Сўнгги сўзни туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Бахтиёржон Нозимовдан эшитиш мақсадида унга юзландик.

Афсус холатни тузатиш борасида аниқ бир жавоб йўқ. Ўринсиз баҳона ва сабаблар. Тиббиёт ходимларига бўлган ишонч қаерда қолди? Наҳот Олтинкўл тумани ҳокимлиги ва Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари ҳам бундан кўз юмса? Соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш ва инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш бугун энг долзарб вазифа эмасми?

Акбаржон НАЗАРОВ,

Рустамжон ЭШОНОВ.