Андижон 24

Карантин кунларида...: ПРОФЕССИОНАЛ ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА ҲАМ МАСОФАВИЙ САБОҚЛАР ДАВОМ ЭТТИРИЛМОҚДА


20.04.2020   804

Бугунги кунда жаҳонда глобал муаммога айланган коронавирус пандемиясига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Шу жумладан, юртимизда ҳам бу борада карантин эълон қилиниб, вирус юқишининг олдини олиш мақсадида маълум тартиб ва қоидалар татбиқ этилди. Шу муносабат билан профессионал таълим тизимида ушбу жараённи беталофат ўтказиш, барча эҳтиёт чораларини кўриш бўйича мақсадли тадбирлар белгиланди.

Жумладан, жорий йилнинг 16 мартидан вилоятдаги барча таълим муассасаларида ўқувчилар таътилга чиқарилиб, улар учун уй шароитида онлайн тарзда масофавий таълимни ташкил этиш, 2020 йил битирувчилари томонидан дипломолди малакавий ишларининг тайёрланишини масофавий назорат қилиш, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ўқув ҳамда тарбиявий характердаги материал ҳамда топшириқларни масофадан етказиш, ота-оналар билан телефон орқали мунтазам мулоқотда бўлиш йўлга қўйилди.

Карантин даврида таълим муассасаси фаолиятини бир маромда ташкил этиш, жамоа ходимларининг бошини белгиланган мақсад сари қовуштириш, жорий ўқув йилига белгиланган вазифаларни оғишмай амалга ошириш кўп жиҳатдан раҳбарларга боғлиқ. Шунинг учун, таълим муассасасида карантин даврига мўлжалланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, биноларни мунтазам дезинфекция қилиб бориш, асосий бинолар кириш қисмида қўл ювиш воситаларини ўрнатиш, бинога қўлларни совун билан ювиб, махсус ниқоб таққан ҳолда кириш, ўқувчиларга уй шароитида машғулотлар ўтишни ташкил этиш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ўқув материаллари ҳамда тегишли топшириқларни масофадан етказиш, ота-оналар билан телефон орқали мулоқотда бўлиш, бу ҳақда амалга оширилган ишларни ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиб бориш шарт.

Жорий ўқув йилини муваффақиятли якунлаш, амалдаги ўқув режа ва ўқув дастурларга мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни сифатли ташкил этиш педагоглар, касбий таълим усталаридан ишчанлик, ижодкорлик ҳамда фидокорликни талаб этади. Шу боис, ҳар бир битирувчи-ўқувчи билан доимий алоқада бўлиш, улар билан онлайн тарзида масофавий таълимни ташкил этиш, ўқув-тарбиявий материаллар ва топшириқларни масофадан етказиш, уларнинг жавобини ўз вақтида қабул қилиб олиш ҳамда мунтазам баҳолаб бориш зарур. Битирувчиларнинг дипломолди малакавий ишлари бўйича раҳбарлар эса ҳар куни ўзига бириктирилган битирувчи-ўқувчи билан малакавий иш мавзуси бўйича топшириқлар режасини ишлаб чиқиш ва битирувчи-ўқувчига онлайн тарзда етказиш, бажарилган ишларни онлайн тарзда қабул қилиб олиш, текшириш ҳамда хулоса тайёрлашни ташкил этадилар. Ўқув юкламаси тугаган педагог ходимлар ўзларининг шахсий иш режаларида белгиланган ўқув-услубий, ташкилий-педагогик, маънавий-маърифий ишларни амалдаги йўриқнома талаблари асосида олиб боришлари керак.

Шундай кунларда таълим жараёнини самарали давом эттириш, ўз иқтидори ва фойдалилик коэффицентини яққол намоён қилиш, ўзимизга бириктирилган вазифаларни чин юракдан, виждонан адо барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, Ватан келажагини яратувчи авлод бизнинг қўлимизда камол топмоқда.

Ўқувчи ёшлар, фарзандларимиздан эса юртимизда эълон қилинган карантин шароитида татбиқ қилинган тартиб ва қоидаларга қатъий амал қилиш, ўз уйларида, ота-оналар бағрида бўлишини, устозлар томонидан масофавий тарзда берилган барча вазифа ва топшириқларни қунт билан бажариш, фақат “аъло” ва “яхши” баҳоларга эришишини сўрайман.

***

Олдимизда 2019-2020 ўқув йилини муносиб якунлаш, навбатдаги ўқув йилидан янги профессионал таълимни жорий этишга пухта тайёргарлик кўриш, тизимда таълим олаётган 11038 нафар битирувчи-ёшларга эгаллаган мутахассисликлари бўйича диплом бериш, уларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари ва ишга жойлашишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш каби муҳим вазифалар турибди.

Ушбу вазифаларни сидқидилдан, фидокорона бажариш, Устоз, деган улуғ номни яна бир бор исботлаш, келажак ворисларини муносиб тарбиялашда барчангизга сабот ва матонат, ўз иқтидорларингизни кенгроқ намойиш қилишингизни тилайман!

Ташвишли кунлар тез орада ўтиб кетади, фаровон ҳаётимиз ўз ўрнига тушади. Бунга шубҳа йўқ!

Насибулло МЎМИНОВ,

вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш

бошқармаси бошлиғи.