Бугуннинг гапи

КАРАНТИН ДАВРИДА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ҚАНДАЙ ТАРТИБГА СОЛИНМОҚДА?


15.04.2020   4458

Карантин даврида аҳолидан меҳнат муносабатларига оид саволлар келиб тушмоқда. Уларга изоҳ бериш мақсадида вилоят давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Фарруҳ Муҳаммаджоновга мурожаат қилдик.

-Фарруҳ ака. Бугунги шароитда меҳнат муносабатлари қандай меъёрий ҳужжатга асоан тартибга солинмоқда?

-Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғига асосан Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низоми тасдиқланган. Буйруқ билан тасдиқланган низомга кўра, карантин даврида иш берувчи ходимнинг розилиги билан уни масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказиши мумкин. Бунда ушбу ҳуқуқдан биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар фойдаланади.

Ходимнинг масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказилиши иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

-Бундай иш тартиби меҳнат шартномасида тегишли ўзгартиришлар орқали ифодаланадими?

-Албатта, масофавий ишга ўтказиш юзасидан меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгартиришда, меҳнатнинг бошқашартлари билан бирга қуйидагилар ҳам кўрсатилади:

- электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўзаро алоқа тартиби;

- ходимга иш учун зарур бўлган жиҳозлар, техника воситаларидан фойдаланиш тартиби;

- ходимни алоқа воситалари билан таъминлаш, Интернет тармоғидан фойдаланиш;

- ходимга иш беруви томонидан берилган жиҳозлар бузилганда зарарни қоплаш бўйича шартлар;

- ходим шахсий жиҳоз, техника воситаларидан, Интернетдан фойдаланганда харажатларни қоплаш тартиби;

- ходим ва иш берувчининг зарурий меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитларига амал қилиш бўйича мажбуриятлари;

- ишлаб чиқариш зарурияти туғилганда ходимни доимий ишга ўтказиш шартлари.

Мазкур ишлаш усулига ўтказилган ходимларнинг меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатлари ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақлаб қолинади.

-Ўрта ва бошланғич таълим муассасалари ҳам карантинда. Уларнинг ходимларинига меҳнат таътили бериш қай тартибда амалга ошиирилади?

-Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғига асосан Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилгандамактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низоми тасдиқланди.

Низомга кўра, меҳнат таътили карантин даврида боғчалар ва мактаблар фаолияти тўхтатилган даврда боғча тарбияланувчисининг ва мактаблар 1-4-синф ўқувчиларининг ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахс, васий, ҳомий)сига берилади.

Бунда, таътил ходимнинг хоҳишига кўра, таътиллар жадвалидан қатъи назар берилади (биринчи иш йили учун 6 ой ишлаган бўлиш шарт эмас). Агар ходим боғча ёки мактаб фаолияти тўхтатилишидан олдин меҳнат таътилини олган бўлса ёки меҳнат таътили олишни хоҳламаса унинг розилиги билан қуйидагилар амалга оширилиши мумкин:

- масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиш;

-иш ҳақи сақланмаган таътил бериш.

Таълим муассасаларида карантин давом этиши муносабати билан меҳнат таътили тугаган кун ишга чиқишни иложи бўлмаганда, ходимиш берувчи номига қуйидаги мазмундаги аризани юборади:

- муддатива бошланиш санаси кўрсатилган иш ҳақи сақланмаган таътил олиш бўйича;

- масофавий иш усули, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиш бўйича.

Иш берувчи ходимга аризасида кўрсатилган санадан бошлаб иш ҳақи сақланмаган таътил беришга мажбур, Меҳнат кодексида белгиланган максимал муддат бўйича чекловлар карантин даврида татбиқ қилинмайди.

-Меҳнат муносабатларига оид саволлар билан қаерга ва қандай мурожаат қилиш мумкин?

-Карантин шароитида меҳнат ва бандлик муносабатлари бўйича талайгина саволлар бўлиши турган гап. Шу сабабли вазирлик қошида ташкил этилган 1176 қисқа рақам орқали ёки dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилиш мумкин. Шу кунларда бизга кунига 30 дан ортиқ саволлар келиб тушмоқда.

С.Шукуров суҳбатлашди.