ЖАМИЯТ

«КАРАНТИН БОШЛАНГАН КУНДАНОҚ, ИШЧИЛАР МАОШИ ОШИРИЛДИ» — АНДИЖОНЛИК ФЕРМЕР АЁЛ ИШЧИ-ХОДИМЛАРНИ МУНОСИБ РАҒБАТЛАНТИРМОҚДА


03.04.2020   3960

Халқимиз синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Бутун дунёга аламли армонлар қолдирган коронавирус пандемияси Ўзбекистонни ҳам чеклаб ўтмади.

Бироқ бундай ҳолатни енгиш ва барча ишларга мардона туриш бизнинг халқимиз учун бегона эмас. Бирлашиш, эзгу ишлар қилиш қон-қонимизга сингиб кетганини бугунги синовлар яна бир исботламоқда.

ЎзА мухбирининг Андижон вилоятидаги “Иномжон Файз” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари ўринбосари Одинахон ОТАХОНОВА билан телефон орқали суҳбати айни шу кунларда элимиз корига яраш учун астойдил бел боғлаган жонкуяр жамоа фаолияти ҳақида бўлди.

– Бугун қўли енгил шифокорларимиз давримиз қаҳрамонларига айланмоқда. Ахир жонини жабборга бериб, беморларни даволаш ва уларга малҳам бўлиш осон иш эмас. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг фармон ва қарорлари бугунги вазиятга бўлган тартиб ва тарғиботларни ижро этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Аввало, бу жараёнда шифокорларимиз меҳнатини қадрлаш ва уларга моддий кўмак бериш, шу билан бирга, халқимизнинг ўз соғлиғига бўлган масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакат бўйлаб карантин жорий этилиши энг тўғри йўл эканини қайта-қайта таъкидлаш зарур. Бу халқимиз саломатлиги муҳофазаси учун муҳимдир.

– Бугун аҳолини қўллаб-қувватлаш, улар эҳтиёжини қондириш ҳам долзарб масалага айланмоқда. Сиз фаолият юритаётган фермер хўжалик бу борада қандай йўл тутмоқда?

– Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги “Иномжон Файз” кўп тармоқли фермер хўжалиги 2003 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Унга қарашли 180 гектар майдонда 1500 дан ортиқ бош чорва моли парваришланади. Хўжалигимиз бир кунда аҳолига 14 тонна сут маҳсулотлари, жумладан, сметана, қатиқ, кефир, қаймоқ, творог, бринза, сут етказиб беради. Бу ишлар учун 56 нафар ишчи-ходим жалб этилган. Шу нарсани алоҳида таъкидлашни истар эдимки, юртимиздаги коронавирус пандемияси ва карантин ҳолати ишчиларимизни қўрқувга туширмади. Аксинча, улар ишлашни давом эттиришга, халқимизнинг сут маҳлулотларига бўлган талабини қондиришга аҳд қилди. Бу мени жуда қувонтирди ва биз бир мақсадга бирлашдик. Ҳукуматимиз талаблари асосида кунлик режамизни бажариб, аҳолини сут маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминламоқдамиз.

– Аҳоли ва ишчилар саломатлигини муҳофаза қилишда қандай меъёрларга амал қилинмоқда?

– Аввало, ишчи-ходимлар хўжаликда қолиб ишлаш тартиби йўлга қўйилди. Бу ерда ўз вақтида дезинфекция ишлари амалга оширилади. Карантин бошланган кунданоқ, ишчилар меҳнат ҳақи яна 600 минг сўмга оширилди. Уларга ойлик пластик карточкаларга ўтказиб берилмоқда. Ишчиларимиз оила аъзолари бу иш ҳақидан бемалол фойдаланмоқда ва рўзғорига ишлатмоқда. Шунингдек, ходимлар махсус санитар кийимларда уларнинг оила аъзоларига бепул гўшт маҳсулотларини етказиб бермоқда. Аҳолига етказиб бериладиган сут маҳсулотлари ҳам алоҳида тозалик ва меъёрлар асосида ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотимиз сифати доимий назоратга олинган.

– Чорва молларидан инсонга коронавирус юқиши мумкинми? Фермер хўжаликда чорва молларини парваришлаш қандай ташкил этилмоқда?

– Албатта бу борада эҳтиёткорлик зарур бўлади. Лекин шу кунга қадар чорва молари билан боғлиқ бундай ҳолат аниқланмади. Шунга қарамасдан биз Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан доимий ҳамкорлик қилмоқдамиз. Қўмита тавсиясига биноан чорва молларини парваришлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Мутахассислар билан доимий мулоқот қилиб, уларнинг кўрсатмалари бўйича ходимларимиз меҳнат фаолиятини давом эттиряпти.

– Сут маҳсулотлари бошқа вилоятларга ҳам етказиляптими?

– Айни кунда Андижон вилояти билан бир қаторда Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятларига ҳам маҳсулотлар жўнатилмоқда. Бунинг учун карантин вақтида машиналар учун махсус рухсатномага эгамиз. Маҳсулотларни етказиб берувчилар махсус кийимлар билан таъминланган. Шуни ишонч билан айтамизки, “Иномжон Файз” жамоасининг асосий шиори шундай кунларда хукуматимиз ва халқимиз корига ярашдир. Биз Ватанимизга бўлган садоқат ва меҳримизни ўз меҳнатимиз билан исботламоқчимиз. Биз, албатта, тез орада коронавирус балосидан қутулиб, осойишта ҳаётимизга қайтамиз. Азиз ватандошларимизга айтадиганимиз шу: биз сиз учун ишлаймиз, сиз эса уйда қолинг!

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.

Манба: ЎзА.