ЖАМИЯТ

ҚАЛБАН БИРГАМИЗ


15.04.2020   3484

Улуғ Ватан уруши 1418 кун давом этган. Шундан 900 кун Ленинград қамал ҳолатида яшаган, курашган. Очарчилик шароитида ҳам Илмий-текшириш институтида селекционер олимлар томонидан кашф этилган буғдойнинг тажриба намуналари истеъмол қилинишига йўл қўйилмаган. Буйруқ асосида эмас, келажак авлодга сақлаб қолиш ниятида. Энг сара асарлар қамал ҳолатида яратилган. Масалан, Дмитрий Шостаковичнинг “Еттинчи симфонияси”, масалан. Симфониянинг партитураси АҚШ ва Англия раҳбарияти илтимосига кўра хатто махсус самолётда етказилган ва ижрони радиодан 20 млн одам эшитган.

Биз ҳам бугун синов даврини бошимиздан кечирмоқдамиз. Президентимиз томонидан барча зарур чоралар кўрилмоқда. Пандемияга қарши кураш, аҳоли саломатлиги ва ҳаётини сақлаб қолиш, вируснинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш бўйича таъсирчан амалий ишлар қилинмоқда.

Кўринмас ёв билан курашнинг биринчи қаторида тиббиётчилар турибди, улар бугун ўз бурчини мардонавор бажармоқдалар. Карантинга олинганларга шифохоналарни тайёрлаш, озиқ-овқат таъминоти, шароитлар яратишга давлат ташкилотларидан тортиб тадбиркорларгача бел боғлаган. Хавфсизлик масаласида ҳуқуқ-тартибот ходимлари 24 соат мобайнида сергаклар. Уламоларимиз ҳам халқни бирлаштириш, офатдан тезроқ халос бўлишимиз учун дуодалар.

Хуллас, барча юртдошларимиз ёруғ кунларни яқинлаштиришга уринмоқда. Айтар сўзимиз, етказмоқчи бўлган ахборотимиз билан биз, журналистлар, қалам аҳли бу умумхалқ ишига ҳисса қўшишга бурчлимиз.

Шундай бўлмоқда ҳам. Шу кунларда узоқ-яқиндаги безовта қалбли ижодкорлардан қўнғироқлар, муждалар, хабарлар келмоқдаки, уларда яхшиликка бўлган ишонч, меҳр-оқибатга йўғрилган тилаклар изҳор этилган.

Ўз ўзини яккалаш тамойили тиббиёт амаллари учун зарур экан, жисман унга риоя қилиб, қалбан бирга бўлайлик. Уйда қолган ҳолда юракларни забт этувчи асарлар яратайлик.

Виждон амри билан коронавирусга қарши курашаётган турли касб кор соҳиблари - бугунги кун қаҳрамонларини эъзозлайлик ва ибрат қилиб кўрсатайлик.

Н.САИДОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.