Андижон 24

Қадр кечаси фазилати


09.06.2018   1655

Муборак Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлиги “дўзахдан озод бўлиш” кунларидир.

Рамазоннинг раҳмат ва мағфират кунларида барча қўлидан келганича ибодатлар ва хайру эҳсонлар қилди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримдаҚадр сурасининг 3-оятида шундай марҳамат қилади: “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”. Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи икки ҳил маънода-қадри улуғ, иккинчиси, миқдор яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Биринчиси-Қуръони карим нозил бўла бошлаган ниҳоятда қадрли кеча. Иккинчиси-Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи ҳоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиши ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарга топшириш кечаси. Ушбу кунларва кечаларни ғанимат билишимиз жуда зарур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунида ибодатларга кўпроқ эътибор қилганликлари ҳақида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан: Оиша онамиз айтадилар: “Рамазон ойининг охирги ўн куни бошланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатларга қаттиқ киришардилар, кечаларни бедор ўтказар ва аҳлларини ҳам (ибодат учун) ўйғатар эдилар” Оиша онамиздан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қадр кечасини охирги ўн кунликнинг тоқ кунларидан қидиринглар!”. Қадр кечасининг яширинишдаги ҳикмат шуки, инсонлар Рамазон кечаларини ғафлатда ўтказиб юбормасдан, бугун Қадр кечаси бўлиши мумкин деган умид билан кечаларни бедор ўтказишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга қулайлик бўлиши учун охирги ўн кунни ва унинг ичида охирги етти кунни ҳамда унинг ичидан тоқ кечаларни тайин қилдилар.

Аксар уламолар Қадр сурасини тафсир қилиб, Қадр кечаси 27-кеча эканлигига иттифоқ қилганлар. Чунки бу сурада “лайлатул-қадр” сўзи уч марта такрорланган ҳамда 9 ҳарфдан иборат, жами 27 бўлади. Қадр сураси 30 сўздан иборат, шулардан “ҳия”, яъни “у кеча” сўзи 27-сўздир. Демак, Рамазоннинг 27-кечаси Қадр кечасидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимики Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинади” (Муттафақун алайҳ).

Ривоят қилинишича, бир куни Мусо алаҳйис-салом Аллоҳ таолога нидо қилиб: “Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”,-деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”,-деди. Мусо (а.с.) яна: “Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”,-деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”-деди. Мусо (а.с.) : “Илоҳо,сирот кўпригигидан яшиндек ўтишни истайман”-деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”-деди. Мусо (а.с.) нидоларини давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”-деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”-деди Аллоҳ. Мусо (а.с) “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”-деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”-деди. Мусо (а.с.) яна илтижо қилиб: “Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман”-деганларида, Аллоҳ таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топадилар”-деди (Зубдатул воъизин” китобидан).

Оиша онамиз айтдилар: “Ё Расулаллоҳ! Агар Қадр кечаси қачон бўлишини билсам, у кечада қандай дуо қилман?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “Эй Аллоҳ! Сен авф қилгувчи зотсан ва авф қилишни яҳши кўрасан. Менинг гуноҳларимни авф қилгин”,-деб дуо қилгин дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечадир”.

Мазкур кечадаги дуоларда жаннатмонанд ватанимизни тараққиёти, равнақи, юксалишини ва доимо тинчлик хотиржамлик бўлишини сўраб қолишимиз зарур. Қадр кечаси жорий йилнинг 11-июнъ душанба куни кун ботгандан бошлаб то субҳи содиқ киргунча давом этади.Барчамизни Қадр кечасининг файзу футуҳидан баҳраманд қилсин.

Олтинкўл туман бош имом-хатиби: Муҳаммадюсуф Тўрақулов.