Андижон 24

Қадамларинг қутлуғ келсин, Наврўзим!


12.03.2018   1172

Кўнгилларда кўклам сурури. Она замин узра баҳорий насим эса бошлади. Табиатда мўъжизавий уйғунлик кузатилмоқда. Қуёшнинг қайноқ тафтини соғинган майсалар кўзни қувнатиб, кўкка бўй чўзяпти.

Бутун борлиқда уйғониш, янгиланиш, яшариш манзаралари. Бу, озод ва обод Ватанимизга боқий байрам, қут-барака, тўкинлик ва меҳру оқибат рамзи – Наврўзи олам келаётганидан дарак беряпти.

Наврўз – қадимий анъаналарга эга бўлган гўзал байрам. Умуминсоний қадриятларни сақлашдаги тутган ўрни ҳисобга олинган ҳолда, у ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий-маданий мероси рўйхатига киритилган.

– Айёмни кутиб олишга пухта тайёргарлик кўрилаётир, – дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Кенжавой Шамшотов. – Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини сифатли амалга ошириш учун ҳар бир ҳудудга масъуллар бириктирилиб, аниқ вазифалар юклатилган. Мевали ва манзарали дарахт ҳамда турли гул кўчатлари ўтқазиляпти, йўлак ва хиёбонлар тартибга келтириляпти.

Ҳа, Наврўз маҳалладан бошланади, деганлари бор гап. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 февралдаги "2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида" ги қарори ижроси доирасида тадбирлар авж паллада. Мавжуд 876 та фуқаролар йиғинлари айёмни ўз ҳудудидаги гузарларда кутиб олади. Бу ёғи Балиқчининг Кўлбулоқ, Аълам, у ёғи Жалақудуқнинг Бешкарам, Қўрғонтепанинг Ойим, Дардоқ қишлоқларидаги ёшлар халқ ўйинларини асл ҳолида намойиш этиш учун шай туришибди.

Бу байрам халқларни бирлаштириб, меҳр-оқибат, эзгулик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этиб, ҳамжиҳатликка даъват қилади. Вилоятимиздаги турли миллат вакиллари ҳам ягона осмон остида халқаро байрамни муносиб нишонлаш иштиёқида. Ҳар бир миллатнинг ўз қиёфаси, бебаҳо мероси – асрлар ошиб келаётган гўзал санъати, умрбоқий анъана ва ибратли қадриятлари, гўзал урф-одатлари, ҳунармандлиги тантаналарда кенг намойиш этилади.

Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар ўтказиб, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишлар Наврўзнинг файзига янада файз қўшаётир.

Байрам сурури ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига қувонч олиб кирмоқда. Зеро, шарқона янги йил бошидаги кўтаринки кайфият бутун йилга татийди, ишларимиз ривож топиб, юртимиздан файзу барака аримайди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.