ЖАМИЯТ

ҚАДАМИНГДА ДОРИХОНА, ҚАЙГА БОРАЙ ШИФОГА?


19.11.2021   1093

Бугун "Андижон дори-дармон" акциядорлик жамиятига қарашли ижтимоий дорихоналар сони 350 тага етди. Уч миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган вилоят учун бу анча кам деб ўйласангиз янглишасиз. Сабаби Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Андижон вилоят бошқармаси тасарруфида ҳам оз эмас, кўп эмас - 1 минг 250 та дорихона мавжуд. Демак, ҳудуддаги шундай шохобчалар сони 1 минг 600 тани ташкил этади.

Савол туғилади: дорихоналарга бу қадар талаб ва эҳтиёж кучайганлигининг боиси нимада? Одамлар озиқ-овқат ўрнига дори истеъмол қилишнинг фойдасини билиб қолишдими ёки юртимизда касалликлар кўпайиб кетдими? Худога шукрки, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти томонидан расман тан олишича, Ўзбекистонда неча йиллардан буён хавфли юқумли касалликлар кузатилмаяпти. У ҳолда нега дори-дармон савдоси умумий савдо айланмасида ҳануз салмоқли ўринни эгаллаб турибди? Бу соҳа бизнеснинг энг фойдали, қулай ва ишончли турига айланганлиги замирида қандай асос бор? Кишилар ойлик маоши ва пенсия пулининг бир қисмини фақат дори сотиб олиш учун сарфлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Фикримизни давом эттиришдан аввал бир воқеага тўхталиб ўтишни лозим топдик. Бундан беш йил илгари хизмат сафари билан Австриянинг Вена шаҳрига бордик. Сафаримизнинг иккинчи куни ҳамроҳларимиздан бирининг тиши оғриб қолди. Унинг ҳолатини кўрган делегация раҳбари сафимиздан ёшроқ бир йигитга оғриқ қолдирувчи дори топиб келишни илтимос қилди. Буни қарангки, немис тилини мукаммал биладиган ходим анча ҳаяллаб келди. Дастлаб у адашиб қолди, дея хавотирландик. Кейин билсак, Европанинг қоқ марказидаги шаҳарда саноқли дорихона бор экан. Шунда кимдир: "Ўзимизнинг Андижонга борсангиз ҳам тезроқ қайтардингиз", дея ҳазиллашган эди.

Шунга ўхшаш яна бир воқеа мавзунинг нақадар долзарблигини очиб берди.

Конрад Аденауэр халқаро жамғармаси Андижонда семинар-тренинг ташкил қилди. Германиядан келган таниқли экспертлардан бири машғулотлардансўнг, кутилмаганда бошқа тарафдан гап очди:

Сизларда бирон юқумли касаллик тарқалганми? сўради у.

Ҳайрон бўлиб, бош чайқадик:

Йўқ, нега сўраяпсиз?

Шаҳрингизда ҳар қадамда дорихона бор экан, яна кўпчилиги одамлар билан тирбанд...

Тўғриси, оддийгина саволга жўяли жавоб қайтариш қийин кўчди. Рости, ўзимиз ҳам бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканмиз. Аслида ушбу мавзуни ўрганишга ҳам шу суҳбат сабаб бўлган эди.

Бу масалада бевосита фармацевтика мутахассисларидан бир хил жавоб эшитдик. Улар бу ҳолатни мамлакатимизда тадбиркорликка кенг имкониятлар очилганлиги ва аҳолининг ўз сиҳат-саломатлигига эътибори ортганлиги билан изоҳлашяпти.

Хўжаобод туманидаги "Сарқамиш" МФЙ фаоли, фахрий спортчи Нўъмон ота Усмоновнинг бу масалада фикри бошқачароқ:

Сиҳатини кўзлаган меҳнатга, ўйингоҳга, маданият ва истироҳат масканларига, сайру саёҳатга югуради. Мана, саксон ёшдан ўтдим, худога шукр, ҳали бирон марта дори ёки малҳамга эҳтиёж сезмадим. Аммо ҳали ҳам бекор ўтирмайман, бир йигитнинг ишини бажара оламан.

Оқсоқол ҳақ гапни айтди. Бироқ барибир кишиларда соғлиқни тиклаш, қонни суюлтириш, қон босимини ушлаб туриш учун дори ичиб туриш зарур, деган тушунча ҳам йўқ эмас.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали кардиология бўлими мудири Лазизбек Авазбеков ушбу масалага ўзгача ёндашди.

- Одамлар фармацевт билан шифокорлик мутахассислигини адаштириб қўйишади. Бирон аъзоси оғриса шифохона қолиб, дорихонага югуришади. Яна бир ноқислик шуки, билиб-билмай муолажани бошлаб юборишади. Биргина қон босими ҳасталиги учун энг зарур ва айнан ўша бемор учун мос тушадиган дори топиш кераклигини билишмайди. Натижада касалликни даволаш муддати чўзилиб, яна дори-дармонга эҳтиёж кучаяди.

Одамлар ўта замонавий тиббиёт аппаратлари ва жиҳозларига ружу қў-йишган. Илгари ота-боболаримиз рент-генга йилига бир марта тушган бўлсалар, эндиундан ўн баробар кучли нур чиқарувчи аппаратларга тез-тез кўринадилар. Ҳозир Ўзбекистонда ишончли дорилар кўп ишлаб чиқарилаётганлигига қарамай "импортний"ларни хуш кўришлари ҳам ўз саломатлигига билиб билмай зиён етказиш билан баробар.

Буни қарангки, фармацевтика ходимларининг ҳам шифокорларга гинаси бор экан. Уларнинг айтишича, дўхтирлар беморларга арзон ва сифатли дорилар ўрнига турли шубҳали фирмаларнинг маҳсулотларини ёзиб беришаётган экан. Бу ҳолат касалнинг чўнтагигагина эмас, балки сиҳат-саломатлигига ҳам жиддий салбий зарар етказаяпти.

...Ривожланган мамлакатларда қайси ҳудуддан касалликка чалинган беморлар кам чиқса, ўша жойда ишлаётган шифокорларга кўп маош берилади.

Энди ушбу мавзуда мутасадди, мутахассис ва ўқувчиларимиздан жўяли фикрлар кутиб қоламиз.

Абдумутал АБДУЛЛАЕВ.