Ижод гулшани

Изланувчан журналист


22.06.2017   2216

Аҳмадилло Солиев 1956 йилда Шаҳрихон туманининг Чўнтак қишлоғида таваллуд топган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини 1984 йилда тамомлаган. Тошкент сиёсатшунослик ва бошқарув институтида таҳсил олган. Долзарб мавзуларда ёзган публистик, таҳлилий-танқидий мақолалари вилоят, республика газеталарида мунтазам босилиб, ўқувчилар эътиборига тушган.

Айни пайтда «Андижоннома» ва «Андижанская правда» газеталари бош муҳаррир ўринбосари, ўриндошлик асосида «Ўзбекистон овози» газетасининг Андижон вилоятидаги мухбири бўлиб хизмат қиляпти.

Қуйидаги муаллифнинг ҳаёт хикматларига йўғрилган кичик ҳикояларини ҳавола этаяпмиз.

Баҳор мисол борлиғим

ЧОРЛОВ

Ишхонада қоғозларга кўмилиб ўтирганимда ҳамкасбим сўзамол Ферузахон кириб келди. У ёқ бу ёқдан гапириб, муддаога ўтди.

– Анчадан бери айтсак ҳам онангиз ҳақида ёзмаяпсиз, – деди қадрдонларча. – Қанақа оддий ва оқила онангиз боридия. Бир кўришдаёқ буни пайқанганмиз. Онангиз ҳақида ёзишингиз керак. Ёзганда ҳам ёниб, борлиғингиз билан ёзинг. Онахоннинг бутун сиймоси кўринсин.

Ҳамкасбим кўнглимнинг энг нозик нуқтасини титратиб юборганини ўзи ҳам сезадию, таскин беришга тушди.

– Онангизни омонлиги учун ҳаммаларинг бир тан, бир жон бўлганларингизни биламиз. – Умрнинг ўлчови йўқ. Сизу бизга боғлиқ бўлса қанийди...

Ферузахон гапни мухтасар қилиб хайрлашди.

Ишдан қайтганимда қизларим қошимга келишди. Улар ҳам билгандек қистовни бошлашди.

– Дадажон, бувижонимиз ҳақида қачон ёзасиз? Сиз ҳам жуда яхши кўраман дердингизу. Бойдадам ёзганларини бизга ўқиб берди. Юракдан чиққани учун тинглаб, кўзимизга ёш келди.

Қизларимга жавоб тополмай қолдим.

– Онам, оналар ҳақида ёзиш жуда қийин, - дедим аранг ўзимни оқлаган бўлиб.

– Борини, невараларини суюб эркалашини ёзинг, – деб ақл бўлишади улар. – Оддийлигини, бағрикенглигини ёзинг.

Биз учун дунёдаги энг азиз инсон – Онам ҳақида ёзишим шундай бошланди.

БАХТИ БУТУНЛИК

Онамиз борлигида бахтимиз бутун экан. Тенги йўқ давлатимиз, суянч тоғимиз борлигини билмабмиз.

Онам ҳар бир нарсани ҳаммамизга илинарди. Чилги чумак урганидан тақсимот бошланарди.

– Мана бу тўрт бош Тўйчивойга турсин, татигани йўқ, – деб қоғоз халта солинган ранг олган узумни кўрсатиб, тайинларди.

Ҳовлимиз этагидаги ширин олмаларнинг пишиши байрам бўларди.

– Аста шохини эгиб узинглар, олмани еганлар мазза қилади, –дея маслаҳат берардилар. Саватни олмага тўлдириб қўшниларга улашардилар.

Кузда беҳи ҳосилига барака кирарди. Мактабга бораётган маҳалла болаларининг қўлига беҳи тутиб сахийлардек сийлардилар

Онам доим дуода бўлиб насиҳатни такрор айтардилар.

– Тўртовларинг менга тўрт устунсизлар. Сизлар билан қаддим тик.

Бир-бирларинг билан доим иттифоқ, аҳил, бўлинглар. Кўрганлар ҳавас қилишсин.

Аҳиллик бир жойда барака бўлади. Рўзғор қўйилади.

Онамиз ҳаётини оддий ва теран англардилар.

– Биз кетмон билан кун кўрдик, –дердилар ўтган кунларини эслаб. – Ғўзанинг салқинида чой ичиб ишлардик. Сизлар, албатта ўқинглар: илмлиларнинг ҳурмати баланд, ризқи улуғ бўлади.

Меҳрибонимиз бизларнинг ўқишимиз учун бир меҳнат эмас, ўн меҳнат қилдилар. Ҳеч қачон бундан нолимасдилар, аксинча фахрланардилар.

– Болаларим ўқишяпти, зўр одам бўлишади, ўшанда меҳнатларимнинг роҳатини кўраман. Уйнинг тўрида, етти қават тўшакда ўтираман. Илоҳим, яратганнинг ўзи ўша кунларга соғ-саломат етказсин...

ШИРИНСЎЗШИФО

Онам оғриб қолди. Акам, опам, укам барча парвона. Дўхтирлар шифонада даволанишини маслаҳат беришди. Онамни касалхонага боришга аранг кўндирдик.

–Ким билан ётасиз, - деб сўрадим кетаётиб.

–Сиз билан-да, –дея жавоб қилдилар онам.

Тинч, ёруғ хонага тезда жойлашдик. Дўхтирлар бири қўйиб, иккинчиси ҳол сўрашади. Акам, опам ёнимизда. Уларни онам айтиб юриб уйга қайтаради. Онам билан гапимиз тугамайди. Ҳеч бир китобларда ёзилмаган ҳаёт ҳикматлари тилга тушади. Инсоний кечинмалар кўнглимга кўчади.

Шифохонага борганимиздан икки-уч кун ўтгач, онам сўраб қолди.

–Ўғлим, ишхонадагилар оғриб қолишса, тез-тез хабар олармидингиз?

–Баъзида тез, бирарда ишга ўралашиб қолардим, –дея тўғри жавоб айтдим.

–Касални тез-тез кўриб турган яхши, дармон бўлади, –деб сўзлади онам. – Энди ким оғриса дарров кўргани боринг, савоб. Касалнинг кўнгли кўтарилади, тез тузалади. Болам, айтганларим қулоғингизда қолсин.

Онам сўзларини тугатар-тагатмас хонамиз эшигини кимдир оҳиста тақиллатди. Ўрнимдан туриб эшикни очдим. Кўп йиллик қадрдонларим, –Муқимжон ака, Сайёра опам, (жойлари жаннатда бўлсин), Муҳаррам опам, Ҳайитхон опам, Ферузахонлар бирин-кетин хонага кириб келишди. Қуюқ кўришишди. Келаолмаганларнинг саломларини етказишди.

–Кўпчилик келмоқчи эди, машинамиз кичиклик қилиб қолди, –деди Муқимжон акам гап орасида.

Онам уларни бир-бир бағрига босди. Онамнинг қувончига қувонч қўшилди, оғриётганини ҳам унутди. Ширин суҳбатдан қувватланди.

Меҳмонлар анчадан кейин изн сўраб ўрнидан туришди. Уларни кузатиб қўйганимда онам диванда ўтирганича ҳайронлигимизга жавоб қилдилар.

– Болаларим мен тузалдим, - дедилар ўзини дадил тутиб. – Шунчалик дўст-қадрдон орттирганларингдан хурсандман.

Шу куни билдимки, беморга дори-дармонгина эмас, яқинларининг ширин сўзи, аҳвол сўраши ҳам шифо бўларкан.

ДЎСТЛАР ҚАДРИ

Бошимизга мусибат тушди. Онамиздан айрилиб қолдик. Кўпчилик тасалли беришди, ҳамдардлик қилишди.

Дўстларим кўп, деб юрардим. Мусибатли кунларда ҳақиқий хулосаси билинди.

Инсон ҳаётида айрилиқ, мусибат бўлади. Буни одам қачонки ўз яқинларидан ажралганида қалбан ҳис этади. Ҳар бир ҳамдард, кўнгил сўровчи кўз ўнгингизда муҳрланади.

–Муқимжонга бир юзасидан қўнғироқ қилгандим, бандаликни айтиб қолди. Тонггача ҳам сабрим чидамай кеч бўлса ҳам келавердим, – деди улуғ ёшдаги, мўътабар инсонлардан бири Таваккал хожи Топволдиев хонадонимизга қадам қўяркан. – Яратган эгам сизларга сабру жамил берсин, ўтганларнинг жойларини жаннатдан қилсин.

Бу инсон жудоликдан хабар топган заҳоти ҳузуримизга, бир оғиз илиқ сўзи билан тасалли беришга шошилгани чинакам қадрдонликни кўрсатди. Дил сўзларида онамизга, бизга дўстлиги, меҳри мужассам эди.

Халқ ҳофизи Шерали Жўраевнинг “Дўст бўлсанг ёнимда тур”, деб бошланувчи қўшиғини кўп эшитаман. Ҳар сафар янги маъно-мазмун топгандек бўламан.

Бу қўшиқни қалбимга киргани ҳам онам вафоти билан боғлиқ.

Бизга оғир кунларда қариндош-уруғлар, маҳалладошлар елкадош бўлишди. Ҳамкасбларимиз кун ора келишди. Қайси бир дўстимиз келди-ю, кейин кўринмади. Қанчаси онамнинг қирқигача ёнимиздан силжишмади. Кўнглимизни авайлашди. Инсонийлиги билан бизнигина эмас, онамизнинг хотирасини ҳурматлашди. Улар ҳофиз айтганидек ёнимизда туришди. Оғир кунларимизда дардкаш, суянч бўлишди. Дўстларнинг бу инсонийлигини онамизга бўлган беҳад эътибору эъзоз деб қабул қилдик. Уларнинг хонадонларида тўйлар бўлишини тиладик, оналарининг умрларини узоқ қилишини Яратгандан сўрадик. Онадан айрилиш нақадар оғирлигини бизлар билдик, яқинларимизга бундай бўлмаслигини истадик.

СУРАТ СОВҒА

Онамни тупроққа топширганимизга анча бўлди. Қайғу кўнглимизда. Шундай кунларда кўп йиллик қадрдон ҳамкасбимиз Шуҳрат ака Олимов хонадонимизга келди. Дуодан кейин ҳамдардлигини билдириб, гаплашиб ўтирди. Кетар чоғи машинасидан авайлаб ўралган қоғозни узатди.

– Онахонимизнинг борида олиб келолмаганимиздан афсусдамиз, –дедилар маъюслик билан. – Кеч бўлса ҳам қабул қилинглар. Яхши кунлардан эсдалик бўлиб қолсин.

Шухрат ака Олимовни кўпчилик бўлиб кузатдик. Акам қоғозни оҳиста очди. Икки сурат. Уларда очиқ чеҳра билан онамиз бизга боқиб турардилар.

Суратлар қўлма-қўл бўлди. Дўстимиз шу куни куйган қалбимизга меҳри билан малҳам қўйди. Онамиз суратга айланиб бағримизга қайтди гўё.

***

Бодом куртаги бўртди. Юртимизни баҳор безаяпти. Кўклам таровати ўзгача. Онамсиз баҳор ҳам бошқача.

Баҳор ва онам бир-бирини ёдга солади. Беғуборлигию, баҳрикенглиги билан соғинтиради. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар борлигин эслатади. Биз баҳордан онамни сўроқлаймиз. Онам хонадонимизга худди баҳор бўлиб қайтгандек туюлади.

Оналарни еру осмон эъзозларкан. Оналар ўтса бутун олам йиғларкан. Бу оналарнинг қадри нақадар баланду буюклигидан бўлса керак.

Оналар ҳамиша омон бўлсинлар, баҳордек фарзандлар бағрини тўлдирсинлар. Ўтганларни Аллоҳ раҳматига олсин.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.