Андижон 24

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ТАРҚАЛАЁТГАН АУДИОЁЗУВЛАР ЮЗАСИДАН АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ РАСМИЙ БАЁНОТ БЕРДИ


21.11.2020   11168

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган аудиоёзувлар юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг

РАСМИЙ БАЁНОТИ.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, жумладан, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилаётгани бутун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилган.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокимига тегишли аудиоёзувлар (аввалдан ёзиб олинган) кетма-кет тарқатилаётганлиги ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганлиги барчамизга маълум.

Ушбу аудиоларни кетма - кет тарқалиши ортида Андижон вилояти ҳокимига нисбатан ахборий ҳужумлар уюштириш, вилоятимизда бўлаётган ўзгаришларга нисбатан холисона фикр билдираётган журналистлар ҳамда фуқароларнинг муносабатларини бошқа тарафга йўналтириш, вилоят ҳокими ҳамда тадбиркорлар ўртасида сунъий тўсиқларни юзага келтириш каби мақсадлар ётганлигини сезиш мумкин.

Бир гуруҳ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан 2 йил муқаддам ёзиб олинган аудиоёзувлар ижтимоий тармоқлардан кўчириб олиниб, ғаразли мақсадда уни маълум қисмини кесиб, «ҳайп» қилиш ниятида ижтимоий тармоқларга жойлаштирилиб борилмоқда.

Соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда тарқалган аудиоёзувларни ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш давомида шу маълум бўлдики, аудиоёзувлар «алоҳида мутахассислар» ёрдамида турли хил аудиоёзувлардан кесиб олиб, монтаж қилинганлиги маълум бўлди.

Мисол учун: «Андижон вилояти ҳокимининг тадбиркорларга муносабати» номли аудиода вилоят ҳокимининг (1 дақиқа 6 сониялик) тадбиркорлар билан учрашувидаги нутқи ёзиб олинганлиги ва ижтимоий тармоқларга жойланганлигидан хабарингиз бор. Агар диққат билан эшитсангиз, ушбу аудионинг 59 - сониясидан то 1 дақиқаю 6 сониясига қадар бўлган қисми бошқа аудиоёзувдаги контекст эканлиги, уни кесиб олинган ҳолда бошқа аудиоёзувга устомонлик билан монтаж қилинганлигини кўришингиз мумкин (аудиоёзувдаги тасвир ва овоз ўзгараётганлигини сезиш қийин эмас). Бу эса ўз навбатида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, «Андижонда раҳбарлар оёқ кийимларни реклама қилишмоқда...ми?» сарлавҳаси остидаги фотолавҳалар ижтимоий тармоқларга гўёки Андижон вилояти ҳокимининг навбатдаги «қаҳрамонлиги» сифатида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Аслида ҳам «шу кунларда» Андижон вилояти ҳокими талабалар ётоқхонасига бориб, улар билан учрашганмиди? (Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан Олий таълим муассасаларида анъанавий дарслар 16 ноябрдан қайта тикланди. Хоҳловчилар онлайн ўқишлари мумкин).

Хабарингиз бор, 2020 йил 15 март кунидан бошлаб Республикамиз бўйлаб кучайтирилган карантин чоралари ўрнатилди. Шу қаторида олий таълим муассасалари ҳам вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган. Ижтимоий тармоқларга жойланган расм эса гўёки шу кунларда олинганлигини маълум қилишган. Аслида эса ушбу фотолавҳа вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан 2019 йил 4 сентябрда олинган.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқларга жойлаб борилаётган бу аудиоёзувлар йиллар давомида бир гуруҳ шахслар томонидан йиғиб борилганлиги, бу ишлар вилоят раҳбарининг имиджига таъсир кўрсатиш ниятида пухта ўйланган режа асосида амалга оширилаётганлигини сезиш мумкин.

Ушбу аудиоёзувларни кенг оммага тарқатиш ортида шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш учун кўзда тутилган жазо чоралари кучайтирилганлигини инобатга олган ҳолда мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан дастлабки суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.

Андижон вилояти ҳокимлиги

МАТБУОТ ХИЗМАТИ