Андижон 24

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖЛАРГА БЕПУЛ ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИЛАДИ


12.02.2019   1103

Андижон вилоятида кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Адлия вазирлиги телеграм канали бу ҳақда хабар берди.

Қарорга мувофиқ, вилоятда фойдаланилмаётган 135 та давлат кўчмас мулк объектлари ҳамда унинг умумий майдони 58,9 минг кв. м бўлган 20 та ер участкаларидан келгусида самарали фойдаланиш назарда тутилган.

Қарорда назарда тутилган кўчмас мулк объектлари ва ер участкалари танлов ўтказилмасдан тўғридан тўғри тадбиркорлик субъектларига инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган ҳолда, уларнинг фаолият йўналишини 30 йил мобайнида сақлаш шарти билан берилади.

Давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар битим амал қиладиган бутун муддат давомида тарбияланувчилар умумий сонининг 25 фоизини ташкил этадиган аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини, тўлов миқдори тегишли ҳудуддаги давлат боғчалари учун белгиланган ҳажмлардан ошмайдиган шартлар асосида имтиёзли қабул қилади.

Хусусий тиббиёт муассасалари шартнома амал қиладиган муддат давомида даволанувчилар умумий сонининг 25 фоизини ташкил этадиган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатади.

Нодавлат мактаблар битим амал қиладиган бутун муддат давомида ўқувчиларнинг 25 фоизи ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини имтиёзли равишда ўқитади.